БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмларида парламентнинг ўрни ва иштироки

11 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмларида парламент иштирокини кенгайтириш: индивидуал мурожаатлар тақдим этиш тартиб-таомилларини ўз ичига олган факультатив протоколларни ратификация қилиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлис аъзолари учун ташкил этилди.

Мазкур семинар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорликда, Парламентлараро Иттифоқ ҳамда Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси иштирокида гибрид шаклда ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Парламентлараро Иттифоқ ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси экспертлари қатнашди.

Семинарда парламент аъзоларининг БМТ инсон ҳуқуқлари тизимида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ўрни борасидаги тушунчаларини чуқурлаштиришга, уларни БМТнинг халқаро шартномаларига доир факультатив протоколлар доирасида индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ушбу халқаро ҳужжатларнинг эҳтимолий ратификацияси Ўзбекистон учун қандай ҳуқуқий ва институционал аҳамият касб этиши атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, парламентнинг БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари билан ўзаро ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 22 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияси минбаридан эълон қилинган стратегик йўналишнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон илк бор БМТ Кенгашига аъзо этиб сайлангани муносабати билан ушбу сессияда иштирок этган ва тарихий нутқ сўзлаганди.

Президентимиз ўшанда мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганини, Янги Ўзбекистонни ислоҳ қилишда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бундан буён ҳам марказий ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини тасдиқлаб, БМТ Бош котибининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш мақсадида Кенгашга аъзо давлатлар ва барча ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.

 Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳимоя қилиши ва фаол илгари суриши алоҳида қайд этилди. Парламент томонидан индивидуал мурожаатлар тартиб-таомилларини назарда тутувчи факультатив протоколларга қўшилиш масаласининг кўриб чиқилиши ушбу йўналишни изчил амалга оширишдаги навбатдаги мантиқий қадамдир.

Муҳокама қилинган масалаларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидалари мужассамдир. Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса,  инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли. Шу тариқа, юртимизда БМТнинг шартномавий органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий даражада мустаҳкамланган бўлиб, бу индивидуал мурожаатлар тартиб-таомилларини назарда тутувчи факультатив протоколларни ратификация қилиш масаласи билан бевосита боғлиқ.

Ўз навбатида, Конституциянинг 56-моддасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдириши, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашиши, давлат эса ушбу институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланган.

Иштирокчиларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили вазифасини бажарувчи Эннио Боати (онлайн) ҳамда Парламентлараро Иттифоқ вакили табрик сўзлари билан мурожаат қилди.

Семинар дастури доирасида тўртта мавзудаги сессияларда иш олиб борилди. Яъни, «БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тизими ва парламентлар», «Факультатив протоколлар доирасида хабарномаларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари», «Шартномавий органларнинг “фикр-мулоҳазалари”ни рўёбга чиқариш», «Ўзбекистон учун аҳамияти ва кейинги қадамлар» мавзуларидаги сессияларда қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбирда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси ходими Омер Фишер, ушбу Бошқарманинг Универсал даврий шарҳ бўйича минтақавий маслаҳатчиси Павло Бялик, Парламентлараро Иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кичик маслаҳатчиси Илья Новиков, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Петициялар секцияси маслаҳатчиси Беҳзод Алиев, Халқаро ҳуқуқшунослар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё дастури директори Темур Шокиров, Миллий марказнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими катта мутахассиси Аббосбек Набиев ўз маърузалари ва экспертлик фикрлари билан иштирок этди.

Семинар очиқ муҳокама ва муҳим хулосалар билан якунланди. Иштирокчилар парламент, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва БМТ механизмлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, факультатив протоколларга қўшилиш масалалари бўйича экспертлар мулоқотини давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Семинарнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегиясини амалга ошириш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шартномавий органлари ва механизмлари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларининг узвий қисми бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech