Тошкентда фемициднинг олдини олишнинг халқаро ва миллий ҳуқуқий механизмлари муҳокама қилинди

25 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Фемициднинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмлари: халқаро стандартлардан миллий амалиёт сари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, “БМТ – аёллар” тузилмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирни очар экан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Зўравонлик ҳолатларида ажралиш учун белгиланган мажбурий ярашув муддати 2025 йилда бекор қилинди, ўша йилнинг март ойида эса Президент хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши тизимли курашиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Олий Мажлис Сенатининг 2026 йил 6 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2026 йилга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурининг 42-бандига мувофиқ, фемицидни алоҳида жиноят таркиби сифатида квалификация қилишнинг халқаро амалиётини комплекс ўрганиш, шунингдек, миллий қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Давра суҳбатида гендер асосидаги қотилликларнинг олдини олиш бўйича халқаро ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.

ЕХҲТнинг гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчиси ва ЕХҲТ Бош котиби Офисининг гендер масалалари бўйича дастури раҳбари Лара Скарпитта қонунчиликни такомиллаштириш, самарали профилактика тизими, ишончли маълумотларни йиғиш ва идоралараро ҳамкорликка асосланган гендер зўравонликнинг олдини олишга доир комплекс ёндашув муҳимлигини таъкидлади.

 “Фемицид муқаррар ҳодиса эмас. Аксарият ҳолларда унинг замирида кўп йиллик оилавий зўравонлик ётади. Шу боис вазифамиз нафақат жиноятларни тергов қилиш, балки, энг аввало, хавф гуруҳидаги аёлларни ўз вақтида ҳимоя қилиш орқали бунинг олдини олишдир”, — дея қайд этди Лара Скарпитта.

У, шунингдек, статистик ҳисоб юритиш тизимини ривожлантириш зарурлигига ҳам эътибор қаратди.

«Биз кўзимиз билан кўрмайдиган нарсага қарши кураша олмаймиз. Ишончли статистик маълумотлар бўлмаса, муаммо кўламини баҳолаш, самарали чораларни аниқлаш ва далилларга асосланган давлат сиёсатини шакллантириш имконсиз», — дея таъкидлади ЕХҲТ вакили.

БМТ – Аёллар тузилмасининг Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчи идораси раҳбари ва Қозоғистондаги мамлакат офиси вакили Жерен Гювен Гюрес ўз видеомурожаатида Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

«Ўзбекистон аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга эришди. Қонунчиликни янада такомиллаштириш, маълумотларни ҳисобга олиш тизимини ривожлантириш ва фемициднинг олдини олиш механизмларини мустаҳкамлаш навбатдаги муҳим қадам бўлиши мумкин», — деб қайд этди Жерен Гювен Гюрес.

У сўнгги йиллардаги қонунчилик ўзгаришлари хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликнинг олдини олишнинг самарали тизимини яратиш борасидаги изчил давлат сиёсатидан далолат беришини таъкидлади. Жерен Гювен Гюреснинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида оилавий зўравонликни алоҳида жиноят сифатида криминаллаштирган дастлабки бешта давлатдан бирига айланди.

Давра суҳбати давомида ЕХҲТнинг “ЕХҲТ минтақасида фемицидга қарши курашиш тенденциялари” номли тадқиқоти асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлди. Тадқиқотда тегишли масала бўйича замонавий қонунчилик ёндашувлари, профилактика механизмлари ва халқаро амалиёт таҳлил қилинган.

ЕХҲТ Котибиятининг гендер масалалари бўйича маслаҳатчиси Элмайя Бавчич ушбу мавзуда онлайн маъруза қилди. Унинг таъкидлашича, тадқиқот ЕХҲТга аъзо давлатларнинг қонунчилиги, давлат сиёсати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг комплекс таҳлилини, шунингдек, гендер асосида аёллар жонига суиқасд қилишнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, маълумотлар йиғиш тизимларини ривожлантириш ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий тавсияларни ўз ичига олади.

“БМТ – аёллар” тузилмасининг дастурлар бўйича таҳлилчиси Малика Шотурсунова Марказий Осиё мамлакатларида фемицидни ўрганиш бўйича илк минтақавий тадқиқотнинг дастлабки натижаларини тақдим этди. Тадқиқот минтақада қонунчилик ва давлат сиёсатини такомиллаштириш учун исбот-далиллар базасини шакллантиришга қаратилган.

Тадбирда, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш борасидаги миллий тажрибаси, ички ишлар, прокуратура органлари ва суд тизими фаолияти амалиёти ҳамда жабрланган аёлларга ёрдам кўрсатиш бўйича фуқаролик жамияти ташкилотларининг тажрибаси тақдимот қилинди.

Давра суҳбатида фуқаролик жамияти институтлари — Nemolchi.uz лойиҳаси ва “Ойдин НУР” маркази вакиллари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди.

Иштирокчилар фикрича, фемициднинг самарали олдини олиш – қонунчиликни такомиллаштириш, хавф омилларини барвақт аниқлаш, идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш, статистик ҳисоб тизимини мукаммаллаштириш, шунингдек, давлат, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни ўз ичига олган комплекс ёндашувни талаб этади.

Давра суҳбати якунида қонунчиликни янада такомиллаштириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институтционал механизмларини мустаҳкамлаш ва фемициднинг олдини олиш бўйича самарали тизимни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг ЕХҲТ, “БМТ – аёллар” тузилмаси ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлар билан алоқаларини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Маълумот учун: БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили 85 минг нафарга яқин хотин-қиз қасддан содир этиладиган қотилликлар қурбонига айланади ва уларнинг қарийб 60 фоизи ҳозирги ёки собиқ турмуш ўртоқлари ёхуд бошқа оила аъзолари қўлидан ҳалок бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда фемициднинг олдини олиш масаласига хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яшаш ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги халқаро сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech