Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

«Самарқанд руҳи» – инсон қадри учун глобал мулоқот

Жорий йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ташаббуси билан бешинчи бор ўтказилаётган ушбу анъанавий халқаро тадбир «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик» мавзусига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми инсон ҳуқуқларининг энг долзарб масалаларини давлатлар, БМТ тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда илмий доиралар иштирокида муҳокама қилишга мўлжалланган халқаро мулоқот майдонидир. Унинг мақсади инсон ҳуқуқларига дахлдор замонавий муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ва уларга умумий ечимлар излашдан иборат. Форум якунида анжуман иштирокчиларининг якдил қарашларини ифода этувчи халқаро ҳужжатлар ишлаб чиқилади ҳамда халқаро ҳамжамиятга тақдим этилади.

Ҳар сафар унинг ишида БМТ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, ЙХҲТ, Европа Кенгаши, ИҲТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар, Осиё давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, академик доира вакиллари ҳамда 200 дан ортиқ миллий ва халқаро экспертлар иштирок этади. Шу йўсинда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик бўйича доимий мулоқот платформаси сифатида «Самарқанд руҳи» шаклланди ва халқаро даражада эътибор қозонди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум, шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг энг ёрқин халқаро ташаббусларидан бири саналади. Унинг тарихи 2018 йилдан бошланади. Биринчи форум 2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқандда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги муносабати билан «Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми» номи остида ўтказилган эди. II Самарқанд форуми 2020 йилнинг 12-13 август кунлари «Ёшлар–2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида пандемия шароитида веб-форум шаклида бўлиб ўтган бўлса, III Самарқанд форуми 2022 йил 5-6 декабрь кунлари «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида глобал форум шаклида ташкил этилди. 2024 йилнинг 13-14 июнь кунлари Самарқанд яна бир бор «Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи, барқарор ечимларни излаш» мавзусидаги IV халқаро форумга мезбонлик қилди.

Мамлакатимизда 2018 йилдан бери ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган Инсон ҳуқуқлари форуми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини замонавий воқеликлар асосида такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади. Айниқса, ҳозирги геосиёсий қарама-қаршиликлар, қуролли можаролар, иқлим ўзгариши, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши, миграция, ижтимоий тенгсизлик ва бошқа глобал чақириқлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги халқаро ҳуқуқий ечимларни ишлаб чиқишни талаб этмоқда. Сунъий интеллект ва янги рақамли технологияларнинг жадал ривожи инсон ҳаёти учун улкан имкониятлар билан бир қаторда янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавф-хатарларни ҳам юзага чиқармоқда. Бундай шароитда давлатларнинг халқаро стандартларни такомиллаштириш ва янги ҳуқуқий ёндашувларни шакллантиришда ўзаро ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамият касб этади. Самарқанд форуми ана шундай ҳамкорлик учун кўприк бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд форумининг халқаро аҳамияти, аввало, инсон ҳуқуқлари соҳасида илғор тажрибаларни алмашиш, янги ғоя ва ёндашувларни муҳокама қилиш ҳамда замонавий муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш учун нуфузли мулоқот майдонини шакллантиришида намоён бўлади. Ушбу майдонда ишлаб чиқиладиган халқаро ҳужжатлар инсон ҳуқуқларининг халқаро-ҳуқуқий захирасини янги ҳимоя воситалари билан тўлдиради. Шу билан бирга, унинг институционал салоҳияти келажакда Осиё минтақасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос минтақавий механизмини шакллантириш учун ғоявий ва ташкилий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Халқаро форумнинг Ўзбекистон учун аҳамияти янада салмоқлидир. Биринчидан, Самарқанд форуми инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни жаҳонга танитиш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ички ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланиши учун қулай фурсат ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ислоҳотлар бўйича хорижий мутахассисларнинг хулосалари ва экспертлик баҳоси миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва давлат сиёсатининг кейинги йўналишларини белгилашда ёрдам беради.

Иккинчидан, Форум миллий манфаатлар йўлида халқаро ташаббусларни илгари суриш майдонидир. Хусусан, инсон ҳуқуқларига оид долзарб мавзуларни мунтазам равишда халқаро муҳокамага олиб чиқиш, Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари бўйича глобал мулоқот ташаббускори сифатида тамсил этиш ва якуний дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқишда Самарқанд форумининг аҳамияти ва имконияти катта. Форум якунида қабул қилинаётган декларация ва резолюцияларнинг халқаро ташкилотлар доирасида тарқатилиши ва эътироф этилиши уларнинг сиёсий ва ҳуқуқийлик даражасини оширади ҳамда мамлакатимизнинг халқаро норма ижодкорлигидаги иштирокини кучайтиради. Шу тариқа, Самарқанд форуми ва унинг минбарида янграётган Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббуслари давлатимизнинг халқаро нуфузини оширишга, халқаро ташкилотлардаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳамда миллий манфаатларимизни халқаро миқёсда тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум оддий инсонлар учун ҳам муайян қиймат яратмоқда. Форум муҳокамалари миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларини такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлашга ҳисса қўшибгина қолмай, унинг якуний ҳужжатлари ҳаракат дастурларига айланган ҳолда амалий аҳамият касб этиб бормоқда. Энг яққол мисол – 2022-йилги форум натижасида қабул қилинган Самарқанд ҳаракатлар режасидир. Унда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим, педагогларни тайёрлаш, ёшлар билан ишлаш ва халқаро тажрибани оммалаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Форум ишида болалар, аёллар, ёшлар ва бошқа эҳтиёжманд гуруҳлар ҳуқуқлари ҳамда экологик ҳуқуқларга оид манзилли ёндашувлар ҳам кузатилмоқда. Шу тариқа, оддий одамлар форум доирасидаги ташаббуслар ва амалий ҳаракатларнинг бевосита бенефициарига айланмоқда. Самарқанд форумининг энг катта ютуғи ҳам шундадир.

 

 

Хайдарали Юнусов,

Тошкент давлат юридик университети

профессори, юридик фанлар доктори

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Nashr sanasi 02.10.2026 Ko'rishlar 200
Ulashish