Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Рақамлаштириш шароитида конституциявий одил судлов ва инсон ҳуқуқлари

1 – 2 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII Конгресси бўлиб ўтди. Нуфузли анжуман “Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов” мавзусига бағишланди ва унинг ишида 18 давлатдан келган Конституциявий ва Олий судлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи ҳуқуқшунос олимлар – 100 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конгресс иштирокчиларига йўллаган табригини Президент Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова ўқиб эшиттирди.

Табрикда мамлакатимизда амалга оширилаётган суриштирув ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларида инсон ҳуқуқлари ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш энг олий устувор йўналиш экани, рақамли технологиялар даврида конституциявий одил судловни ривожлантириш замон талабига айлангани алоҳида таъкидланган. Бугунги мураккаб даврда жамиятда конституциянинг устуворлигини таъминлашда миллий қонунчилик билан бирга халқаро тажриба ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва шу жиҳатдан Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг фаолияти давлатлар учун ҳар томонлама фойдали бўлаётгани қайд этилган.

Конгресснинг очилиш маросимида Ассоциациянинг айни вақтдаги президенти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов мамлакатимиз раислигида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ташкилот олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Очилиш маросимида иштирокчи давлатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилаётган конгресс глобал технологик трансформация шароитида қонун устуворлиги ва инсон қадр-қимматини таъминлашнинг янги механизмларини белгилаб олиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш юзасидан ўзаро тажриба алмашиш учун қулай фурсат эканлигини таъкидладилар.

Шундан сўнг нуфузли анжуманнинг биринчи – “Рақамли трансформация шароитида судьялар мустақиллиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги” мавзусидаги ялпи мажлиси ўтказилди. Унда Ҳиндистон, Корея Республикаси, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Таиланд, Индонезия, Мьянма, Филиппин, Россия ва Испания юрисдикциялари вакиллари рақамли муҳитда конституциявий назоратни самарали ташкил этиш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Конгресс ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев ҳам иштирок этди.

Анжуманинг иккинчи куни муҳокамаларида рақамли технологиялар, сунъий интеллект бугун ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айлангани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ривожлантирилди. Айни чоғда, сунъий интеллект инсонлар учун жуда катта қулайликлар яратиши билан бирга, турли хавф ва таҳдидларни ҳам юзага келтираётганига эътибор қаратилди.

Бундай шароитда конституциявий юрисдикция институтларининг вазифаси мувозанатни таъминлаш, инсоннинг шахсий маълумотлари билан боғлиқ ва бошқа конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлашдир. Ушбу масалада бугун барча давлатлар ўз қонунчилигини такомиллаштириб, давр талабидан келиб чиққан ҳолда, янги нормалар киритаётгани, мавжуд нормаларни янада мустаҳкамлаётгакни жуда муҳим.

Конгресс доирасида Ассоциация Бош котиблари ва Аъзолар кенгашининг мажлислари, Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси вакиллари билан ишчи учрашуви, делегациялар раҳбарларининг икки томонлама ва кўп томонлама мулоқотлари ўтказилди.

Маълумот учун: Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси (AACC – Association of Asian Constitutional Courts and Equivalent Institutions) – Осиё минтақасида конституциявий юрисдикцияни амалга оширувчи судлар ва шунга тенг ваколатга эга институтларни бирлаштирувчи минтақавий профессионал ҳамкорлик майдонидир. Ассоциация 2010 йил июль ойида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган ва бу ҳақдаги Жакарта декларация Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Монголия, Филиппин, Таиланд ва Ўзбекистон конституциявий юрисдикция институтлари томонидан имзоланган.

Ассоциация Осиёда демократияни ривожлантириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциявий судлар мустақиллигини қўллаб-қувватлаш, аъзо институтлар ўртасида конституциявий одил судлов соҳасида тажриба ва ахборот алмашиш каби вазифаларни ўз олдига қўйган. Ташкилот сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистон Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг асосчи аъзоларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2025 йил ноябридан – 2027 йилгача Ассоциацияга раислик қилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 02.10.2026 Ko'rishlar 168
Ulashish