Ўзбекистон вакили Петербург юридик форумида иштирок этди

24-26 июнь кунлари Санкт-Петербургда XIV Петербург халқаро юридик форуми бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов қатнашди.

Петербург форуми ҳуқуқ соҳасидаги йирик эксперт майдонларидан бири бўлиб, ўнлаб давлатларнинг юридик ҳамжамияти вакилларини бирлаштиради. Бу йил “Ҳуқуқий бўлиш вақти” шиори остида ўтказилган Форумда халқаро ҳуқуқ ва рақамлаштиришдан тортиб қонунчиликни ривожлантириш ва парламентлараро ҳамкорликкача бўлган кенг кўламли масалалар қамраб олинди.

Академик Акмал Саидов МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси томонидан ташкил этилган халқаро давра суҳбатида ишбилармонлик дастури доирасида, шунингдек, Россия Федерацияси Конституциявий суди раиси Валерий Зоркиннинг “Ҳуқуқ цивилизациясига олиб борувчи машаққатли йўл” мавзусидаги очиқ маърузасида сўзга чиқди.

Форум доирасида А. Саидов, шунингдек, бир қатор мамлакатларнинг ҳуқуқий идоралари ва парламент институтлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Учрашувларда ҳуқуқий интеграция, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

26 июнь куни Ўзбекистон вакили Форум доирасида МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси томонидан ташкил этилган “Парламентлараро мулоқот архитектурасида юридик фан: намунавий ҳужжатларни яратишга янгича ёндашувлар” мавзусидаги давра суҳбатида маъруза қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов модель қонун ўз табиатига кўра тавсиявий хусусиятга эга эканини ҳамда ўз кучини мажбурловдан эмас, балки ҳуқуқий тизимларни ишонч ҳосил қилдириш орқали бирлаштира оладиган илмий фикр нуфузидан олишини таъкидлади. Маърузачи қиёсий ҳуқуқшунослик методологиясига таяниб, модель ҳужжат ҳуқуқий меъёрнинг универсаллиги ва миллий ўзига хослик ўртасидаги азалий зиддиятни бартараф этишини кўрсатиб берди. Ўзбек ҳуқуқшуноси қайд этганидек, илм-фан томонидан тасдиқланган асос қонун чиқарувчига уни мазмунан тўлдириш эркинлигини қолдиради.

Тадбирда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг миллий қонунчилик институтлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар, парламент аъзолари ҳамда судьялар иштирок этди. Давра суҳбатини МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгашининг Бош котиби Дмитрий Кобицкий очиб берди.

Учта тематик сессия давомида иштирокчилар модель ҳужжатларни тайёрлашнинг назарий асослари, қонун ижодкорлиги жараёнида илмий экспертизанинг ўрни, шунингдек, норма ижодкорлигини рақамли трансформация қилиш истиқболлари, жумладан, сунъий интеллект технологияларини қўллаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Мунозара якунида иштирокчилар намунавий қонун ижодкорлигини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, намунавий ҳужжатларнинг миллий қонунчиликка татбиқ этилишини мунтазам кузатиб бориш механизмларини яратиш ҳамда парламентлараро экспертлар ҳамкорлигини ривожлантириш зарурлигини қайд этдилар. Ишлаб чиқилган тавсиялар МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг тегишли комиссияларига юборилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech