Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Марказий Осиёда экспорт имкониятларини кенгайтириш учун 2 миллион евролик лойиҳа амалга оширилмоқда

Тошкент шаҳрида Германия Федератив Республикаси ҳукумати молиявий кўмагида ҳамда Германия Физика-техника институти (ПТБ) ҳамкорлигида «Марказий Осиёда савдони кенгайтириш учун сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида халқаро семинар бўлиб ўтмоқда.

 

5–6 ноябрь кунлари ўтказилаётган семинарда Германия ПТБ институти, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг метрология, стандартлаштириш ва аккредитация соҳалари вакиллари иштирок этмоқда. Тадбирда аввалги лойиҳа натижалари сарҳисоб қилиниб, 2029 йилгача амалга ошириладиган янги босқич вазифалари ва умумий йўл харитаси муҳокама қилинмоқда.

 

Аввалги лойиҳа доирасида «Метрология тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштиришга техник кўмак кўрсатилди, Ўзбекистон миллий метрология институтининг 10 та калибрлаш лабораторияси аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, 30 нафардан ортиқ мутахассис хорижий етакчи институтларда малака оширди.

 

Умумий қиймати 2 миллион евро бўлган янги лойиҳа 2029 йил сентябргача давом этади. Унинг асосий йўналишлари — техник салоҳиятни мустаҳкамлаш, билим ва тажриба алмашиш, рақамли ечимларни ривожлантириш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтириш.

 

Ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сифат инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро савдодаги техник тўсиқларни камайтириш ва ўзаро савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган.

Nashr sanasi 06.11.2026 Ko'rishlar 137
Ulashish