Шароф Рашидов таваллуд топган кун
Таниқли адиб ва йирик давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йилнинг 6 ноябрида Жиззах шаҳрида, деҳқон оиласида таваллуд топди. Ўрта мактабни битиргач, Жиззахдаги педагогика техникумида таҳсил олди. 1941 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаб, ўз фаолиятини муаллим ва мухбир сифатида бошлади. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, 1942 йилда фронтдан қайтгач, 1944–1947 йилларда Самарқанд вилояти партия қўмитасининг котиби бўлиб ишлади.
Кейинчалик газета муҳаррири, 1949–1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сўнгра Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсатининг раиси лавозимларида фаолият юритди. Шароф Рашидов 1959 йилдан 1983 йилгача – умрининг охирига қадар Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлади.
Шароф Рашидов сиёсий фаолиятга киришгунга қадар ҳам ижод сўқмоқларида ўз ўрнини топиб улгурган эди. У дастлаб шеъриятда қалам тебратиб, “Самарқанд куйлари” номли илк шеърий тўпламини эълон қилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзган шеърлари эса 1945 йилда “Қаҳрим” номи билан тўплам шаклида чоп этилди. Шу билан бирга, у адабиётшунос ва мунаққид сифатида ҳам фаол ижод қилди.
Адибнинг сиёсий фаолияти унинг адабий дунёқараши билан чамбарчас боғлиқ эди. Журналистика ва адабиёт орқали орттирган ҳаётий кузатувлари кейинчалик давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Унинг асарларида халқ ҳаёти, давр муаммолари ва инсон меҳнати юксак маҳорат билан ифодаланган.
Шароф Рашидов ижодида публицистика ва мақоланавислик алоҳида ўрин тутади, бу руҳ унинг бадиий асарларида ҳам яққол сезилиб туради. Хусусан, адибнинг катта шуҳрат қозонган “Ғолиблар” қиссаси 1972 йилда қайта ишланиб, роман шаклида нашр этилди.
Кейинчалик адибнинг “Бўрондан кучли” ва “Қудратли тўлқин” романлари дунёга келди. Ушбу асарларда ўзбек халқининг урушдан кейинги тикланиш давридаги юксак меҳнат жасорати юксак бадиий маҳорат билан ифодалаб берилди.
Ижодкорнинг “Кашмир қўшиғи”, “Комде ва Мудан” каби лирик қиссалари ҳамда “Коинот” киноқиссаси анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, уларда ёшлик, баҳор, гўзаллик ва ҳаёт нашидаси тараннум этилган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Шароф Рашидовнинг сиёсий фаолияти ва адабий мероси ўз даврининг мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ эди. Унинг ҳаёти ва ижоди давлат бошқаруви, адабиёт ҳамда халқ манфаатлари йўлидаги юксак ташкилотчилик ва ижодий салоҳиятнинг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилди.
Адиб умрининг сўнгги йилларида яратган “Дил амри” қиссасини Иккинчи жаҳон уруши даврида Беларусь заминида кечган шиддатли жангларга, жангчиларнинг ғалаба йўлидаги ҳаёт-мамот курашига бағишлади. Шунингдек, ушбу даврда адибнинг беш жилдлик асарлари ўзбек ва рус тилларида нашр этилди.
Нозик қалб соҳиби ва кучли сиёсий иродага эга раҳбар сифатида эл кўнглидан чуқур жой олган Шароф Рашидов 1983 йилнинг кузида вафот этган.
Бугун адиб хотираси юртимизда катта эҳтиром билан ёд этилмоқда. 2017 йилда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги мамлакат миқёсида кенг нишонланди. Шу муносабат билан Жиззах шаҳрида Шароф Рашидовнинг уй-музейи ташкил этилиб, улуғвор ҳайкали қад ростлади, адиб хотирасига бағишланган “Халқнинг атоқли ўғлони” номли хотира китоби ҳамда сара асарлари тўплами нашр этилди. 2021 йилда эса Жиззахда “Шароф Рашидов – давр инсони” мавзусида халқаро фанлараро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли анжуман буюк давлат ва жамоат арбобининг ижтимоий-сиёсий ҳамда илмий-адабий фаолияти қирраларини чуқур ўрганиш ва назарий жиҳатдан умумлаштиришга хизмат қилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА
