Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида Илмий-тадқиқот консорциуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида Мигрантлар халқаро кунига бағишланган “Мамлакатимизда миграция соҳасидаги давлат бошқарувининг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди.
Тадбир “Аҳоли миграциясида рақамли визалар платформасини ишлаб чиқиш” мавзусидаги инновацион лойиҳани амалга ошириш мақсадида Бош прокуратура Академияси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Миграция бўйича халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда ўнга яқин хорижий ва юздан зиёд миллий мутахассислар, жумладан, миллий ва чет эл олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари экспертлари, қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, миграция муаммолари билан шуғулланаётган тадқиқотчилар иштирок этди.
Дастлаб Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Бош директори Антонио Виторино видеомурожаати конференция иштирокчилари эътиборига ҳавола этилиб, сўнг Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича координатори, Қирғизистон-Россия Славян университети, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар академияси, Россия Федерацияси Прокуратура университети ва Лунд университети профессор-ўқитувчилари маъруза билан қатнашдилар.
Халқаро илмий-амалий онлайн конференция якуни бўйича, миграция соҳасидаги давлат бошқарувининг стратегик жиҳатларини аниқлаш, устувор хусусиятларини тадқиқ этиш, миграцион қонунчилик ва ташкилий-институционал механизмларнинг ишлаш ҳолатини ўрганиш асосида мавжуд муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилиши, миграция жараёнларини самарали тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида Илмий-тадқиқот консорциуми аъзолари томонидан идоралараро ҳамкорликда амалга оширилган ишларнинг ҳолати муҳокама қилиниб, 2021 йилнинг биринчи ярмида ўтказиладиган қўшма илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
- Қўшилди: 22.12.2020
- Кўришлар: 3812
- Чоп этиш