Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида “Мамлакатимизда миграция соҳасидаги давлат бошқарувининг долзарб масалалари” мавзуида халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида илмий-тадқиқот консорциуми доирасида ўтказилган ушбу тадбир 18 декабрь – Мигрантлар халқаро кунига бағишланди.
Онлайн конференция Бош прокуратура Академияси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Миграция бўйича халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад - “Аҳоли миграциясида рақамли визалар платформасини ишлаб чиқиш” мавзуидаги инновацион лойиҳани амалга оширишдир.
Илмий-амалий анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори М.Тиллабоев иштирок этди.
Конференцияда ўнга яқин хорижий ва юздан зиёд миллий мутахассислар, жумладан, миллий ва чет эл олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари экспертлари, қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, миграция муаммолари билан шуғулланаётган тадқиқотчилар қатнашди.
Дастлаб Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Бош директори Антонио Виторино видеомурожаати конференция иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Сўнг Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича координатори, Қирғизистон-Россия Славян университети, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар академияси, Россия Федерацияси Прокуратура университети ва Лунд университети профессор-ўқитувчиларининг маърузалари тингланди.
Халқаро илмий-амалий онлайн конференция якуни бўйича, миграция соҳасидаги давлат бошқарувининг стратегик жиҳатларини аниқлаш, устувор хусусиятларини тадқиқ этиш, миграцион қонунчилик ва ташкилий-институционал механизмларнинг ишлаш ҳолатини ўрганиш асосида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, миграция жараёнларини самарали тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.12.2020
- Кўришлар: 3865
- Чоп этиш