Миллий мулоқот: Сўз тадбир ташкилотчиларига

2020 йил 14 июль куни Тошкент шаҳрида "Пандемия ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон тажрибаси" мавзуида Миллий мулоқот ташкил этилди. Ушбу онлайн-тадбир COVID-19 пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусига бағишланди.

 

Ҳелена Фрейзер, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси:

- Мазкур тадбир жамоатчилик соғлигини сақлаш борасидаги чора-тадбирлар халқаро тиббий-санитария қоидалари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандартлар ва мажбуриятларга мос бўлиши муҳим экани хусусида фойдали мушоҳада юритиш имконини берди.

Мен Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ижобий сабоқларини баҳам кўришга шайлигини қўллаб-қувватлайман. Чунки карантин муассасалари тажрибаси, шунингдек  мавжуд ҳолатни янада яхшилаш учун тегишли соҳаларни белгилаб олиш борасидаги очиқлик диққатга лойиқдир.

 

Элчи Жон МакГрегор, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси:

- Ўзбекистон ҳукуматининг COVID-19 пандемияси тарқалишига барҳам бериш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайман. Карантин марказлари жамоатчилик соғлигини сақлаш борасида кўрилган чоралар орасида ўта муҳим аҳамият касб этгани тайин. Чунки кейинги ойда барча янги касалланиш ҳолатларининг аксарият қисми айнан ушбу марказларда аниқлангани шундан далолат беради. Халқаро ҳамжамият, шубҳасиз, бу тажрибадан ибрат олади.

Миллий мулоқот доирасида ЕХҲТ мажбуриятлари, тегишли халқаро-ҳуқуқий мажбуриятлар ва илғор тажрибага амал қилиш учун карантин марказларини ҳуқуқий бошқаришни қай тарзда янада кучайтириш мумкинлигига тааллуқли очиқ мунозараларни қўллаб-қувватлайман. Бу мулоқотлар асносида билдирилган муайян тавсияларнинг  бажарилиши юзасидан ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

 

Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:

- Бугунги воқелик шундан далолат берадики, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида тобора кўпроқ мамлакатлар инсон ҳуқуқларига бевосита таъсир қиладиган қатъий чораларни, жумладан, ҳаракатланиш ва шахсий ҳаёт эркинлигига дахл қиладиган чекловларни қўлламоқда. Бинобарин, фавқулодда ҳолат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича карантин билан боғлиқ бошқа ҳар қандай чора-тадбирлар албатта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципига таяниши шарт.

Умуман олганда, халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий экспертлар, мутахассислар Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини таъкидламоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали курашиш, фуқароларимизнинг муносиб ҳаётини таъминлаш, инфекция тарқалишини назорат қилиш, энг муҳими, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, инқироздан кейинги тикланиш ва мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишига ёрдам беради.

Шубҳасиз, Ўзбекистон тажрибаси пандемияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этиб, бошқа давлатлар учун ёрқин намуна вазифасини ўтайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech