Олий Мажлис Қонунчилик палатасига янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси келиб тушди, деб хабар берди parliament.gov.uz сайти.
Бу муҳим қадам "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши ижроси доирасида мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.
Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро келишувни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Ушбу Қонун лойиҳаси халқаро ҳужжатлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕХҲТнинг тегишли норматив ҳужжатларига таянилган ҳолда ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа parliament.gov.uz сайтининг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган. Фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни demokratkom@parliament.gov.uz манзилига йўллашингиз мумкин.
Маълумот учун: Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида кўзда тутилган.
Фармон билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган. Миллий стратегия ва “Йўл харитаси” ижроси борасидаги асосий масъулият Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига юкланган.
Марказ саъй-ҳаракатлари билан яқинда Миллий стратегияда белгиланган яна бир муҳим вазифа бажарилди. Яъни, 12-13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар ҳамда мамлакатимиз ёшларининг онлайн иштирокида юқори савияда ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.08.2020
- Кўришлар: 3979
- Чоп этиш