Миллий стратегия ижроси: янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланди

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 22 июнда имзоланган Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг мақсади – мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдир.

Миллий стратегия доирасида 53 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш, 37 та чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш – жами 98 та ҳужжат устида иш олиб бориш белгиланган.

Бу вазифалар Ўзбекистон Президентининг Фармони билан тасдиқланган яна бир муҳим ҳужжат – Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да кўзда тутилган тартибда амалга оширилмоқда.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирда бу лойиҳа, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Марказда, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси тайёрланди. Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – regulation.gov.uz га жойлаштирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech