Маълумки, қонун ва қоидалар инсонлар учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя бўлиб, ҳар бир инсоннинг ўз фикрини эмин-эркин ифода қилишида, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этишида, ҳамманинг тенглигини таъминлаб, бурч ва масъулиятларини бажаришида бамисоли қалқон бўлиб хизмат қилади. Конституциямизга кўра, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Шу билан бирга, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Халқаро ҳуқуқда ва ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқи ва эркинликлари, шахснинг суд ва тергов органларидаги ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган кўплаб тарихий ҳужжатлар қабул қилинган.
Одил судловга оид халқаро стандартлар мустаҳкамлаб қўйилган халқаро ана шу шартнома ва битимлар амалиётда “Миранда қоидаси”, “Бангалор принциплари”, “Судьялар мавқеи тўғрисида Европа Хартияси”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро билл”, “Милан қоидалари”, “Ювенал юстиция”, “Каракас декларацияси”, “Пекин қоидалари”, “Ар-Риёд принциплари”, “Бангкок декларацияси”, “Вена декларацияси”, “Инсонийлик мезонлари” каби мухтасар шаклдаги номлар билан юритилади.
Бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг асосини ташкил этади ва судлар фаолиятида муҳим ўрин тутади. Хусусан, АҚШ жиноят оламида ўзига хос жиноятларни содир этган Эрнест Артуро Миранда номи билан боғлиқ “Миранда қоидаси” ҳам ана шундай ҳужжатлар қаторига киради.
Шу йил 11 сентябрь куни "Куч - адолатда" газетасида чоп этилган “Миранда қоидаси” талаблари мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилигида қандай акс этган?" сарлавҳали мақолада ушбу ҳужжатга оид қизиқарли ва фойдали маълумотлар билан танишиш мумкин. Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий судининг катта консультанти Акром Арипов томонидан ёзилган.
Муаллиф ўз мақоласи сарлавҳасида келтирилган саволга жавоб берар экан, қуйидаги 5 та омил юзасидан атрофлича фикр юритган.
Биринчидан, бу ўринда сукут сақлаш ҳуқуқи ҳақида тўхталиш лозим. Амалдаги Жиноят-процессуал кодекснинг 23-моддасига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Бошқача айтганда, миллий қонунчилигимизда сукут сақлаш ёки ҳеч қандай кўрсатма бермаслик ҳуқуқи айбсизлик презумпцияси тамойилига асосланган.
Сукут сақлаш ҳуқуқи, яъни ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар беришдан бош тортиш ҳуқуқи Жиноят-процессуал кодекснинг 48-моддасида қатъий кафолатланган.
Ушбу модда талабига кўра, гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.
Иккинчидан, миллий қонунчилигимизда мустаҳкамланган шахс томонидан айтилган ҳар бир сўз ёки хатти-ҳаракат судда унга қарши ишлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилиш ҳуқуқи билан “Миранда қоидаси” мазмунан ўзаро яқиндир.
Жиноят-процессуал кодекснинг 46-моддасига асосан, шахс ўзининг кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиши ва нимада айбланаётганлигини билиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, мазкур моддада шахсга ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмаслиги кафолатланган.
Кодекснинг 46 ва 48-моддаларига кўра, шахс, яъни айбланувчи ёки гумондор ўзига қўйилган айблов ё гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортишга ҳақлидир. Шунингдек, у кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига эга.
Учинчидан, миллий қонунчилигимизда кафолатланган адвокатга мурожаат қилиш ҳуқуқи билан “Миранда қоидаси” ўртасида ҳам ўзаро ўхшашлик мавжуд.
Жиноят-процессуал кодекснинг 46-моддасига мувофиқ, шахс ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Тўртинчидан, миллий қонунчилигимизда ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилган шахсга ўз адвокатига ёки яқинларига бир марта қўнғироқ қилиш имкони берилиши кафолатланган.
Жиноят-процессуал кодекснинг 48-моддасига мувофиқ, шахс қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, шунингдек ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Бешинчидан, миллий қонунчилигимиз талабига асосан, агар ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилган шахснинг адвокат ёллашга имконияти бўлмаса, у давлат томонидан адвокат тайинланиши ҳуқуқидан фойдаланади.
Жиноят-процессуал кодекснинг 50-моддасига биноан, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишда ҳимоячининг иштирок этишини таъминлайди.
Шунингдек, улар бу шахсни юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат ҳисобидан қопланади.
Бошқача айтганда, "Миранда қоидаси" Ўзбекистоннинг амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигида тўлалигича акс этган. Бу, ўз навбатида, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик имконини беради.
Шунингдек, бундай шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи улар ушланган пайтдан бошлаб таъминланади. Натижада буларнинг барчаси тергов-суд жараёнларидаги процессуал ҳаракатларнинг сифат даражаси янада ошишига ва инсон ҳуқуқларни сўзсиз таъминланишига хизмат қилади.
Шундай қилиб, миллий қонунчиликда “Миранда қоидаси” мустахкамлаб қўйилган. Мақола муаллифининг фикрларига қўшимча сифатида шуни ҳам қайд этиш жоизки, яқинда ривожланган мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 14 майдаги ЎРҚ-617-сонли Қонунига мувофиқ, Жиноят-процессуал кодекс 224-моддасининг матни қуйидаги янги таҳрирда берилди.
Яъни, "Ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўрсатилган асосларидан биттаси мавжудлигини бевосита аниқласа ёки бошқа шоҳидларнинг сўзларидан аниқласа:
1) ўзини таништириши ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши;
2) гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини маълум қилиши;
3) ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши;
4) ушлаб турилган шахсга у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши;
5) ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.
Ушланаётган шахсда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, ушлаётган ваколатли шахс уни шахсий тинтув ёки олиб қўйишни амалга оширишга ҳақлидир. Шахсий тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш тўғрисидаги баённома ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг холислар ҳозирлигида тузилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилиши шарт.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган процессуал ҳаракатларни бажаришни кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан амалга оширишга йўл қўйилади. Мазкур қоида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган биносида амалга ошириладиган ушлаб туришга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолда, ички ишлар органи ходими ёки бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахс яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтириши шарт. Ушлаб турилган шахсга видеоёзув уни намойиш қилиш орқали таништирилади.
Шахсни яланғочлаш билан боғлиқ шахсий тинтувни видеоёзув орқали қайд этиш тақиқланади.
Ушлаб туриш, шахсий тинтув қилиш ёки олиб қўйиш баённомасига процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида ёзиб қўйилиб, видеоёзув материаллари баённомага қўшиб қўйилади.
Агар ушланган шахс иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари унга таржимон иштирокида биринчи сўроққа қадар тушунтирилиб, бу ҳақда баённомага ёзиб қўйилади.
Ваколатли шахслар ва фуқаролар қонунга хилоф ёки асоссиз ушлаб турганлик ёхуд ушлаш вақтида ваколатлари доирасидан четга чиққанлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортилади". (Қаранг: Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.05.2020 й., 03/20/617/0585-сон).
Хулоса шуки, давлатимиз зиммасига олган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларидан бири бўлмиш инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципи устуворлигига эришиш вазифаси – суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, умуман, барча ҳуқуқшунослар фаолияти билан бевосита боғлиқдир.
Маълумот учун: АҚШнинг Аризона штати полицияси ашаддий жиноятчи Э.Мирандани 1966 йили бир неча оғир жиноятни содир этганликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Унга сўроқ қилинишдан олдин гумонланувчи сифатидаги ҳуқуқлари тушунтирилмаган. Шу боис, Э.Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда, айбига иқрорлик кўрсатувларини берган. Бу кўрсатувлардан эса унинг иқрорлигига исбот сифатида фойдаланилган. Бунинг оқибатида Э.Миранда судланган ва ҳукм этилган.
Кейинчалик Э.Миранданинг 73 ёшли адвокати Элвин Мур томонидан АҚШ Олий судига шикоят тақдим этилган. Натижада, Э.Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли, суднинг бу ҳукми АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган. Суд қарори туфайли юзага келган мазкур юридик норма дастлаб АҚШ суд амалиётида “Миранда ҳуқуқлари” деб юритилган. Сўнг эса халқаро ҳуқуқда “Миранда қоидаси” номини олган.
“Миранда қоидаси” талабига кўра, ҳибсга олинган шахсга у сўроқ қилинишидан олдин гумонланувчи сифатидаги ҳуқуқлари қуйидаги мазмунда тушунтирилади. Яъни: “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, Сиз адвокат билан давлат томонидан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.09.2020
- Кўришлар: 7713
- Чоп этиш