Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасида йигирмага яқин йўналишда нафақат янги қонунлар, балки яхлит қонунлар мажмуаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини белгилаб берди. Бу янги қонунлар – янги Ўзбекистон воқелиги тақозосидир.
Ўз навбатида, ушбу қонун лойиҳаларини тайёрлаш, кенг жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказиш, маромига етказиш ва қабул қилиш билан боғлиқ узвий жараёнлар мамлакатимизнинг янги парламенти зиммасига улкан масъулият юклайди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг Мурожаатномасида атрофлича фикр юритилди.
Президентимиз парламентга Мурожаатнома тақдим этишидан олдин янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлисларида, шунингдек, ҳар икки палатанинг илк қўшма йиғилишида иштирок этди ҳамда нутқ сўзлади. Ушбу жараёнларда янги сайланган парламент палаталарининг раҳбарияти тасдиқланди, қўмиталар ва комиссиялар тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти янги Ўзбекистоннинг янги сайловлар асосида сайланган янги парламенти таркибини “Парламент халқ иродасининг ҳақиқий кўзгуси бўлиши зарур” деган улуғвор ғояни амалда намоён этишга чақирди. "Эл-юртимиз сизларга ҳақли равишда катта умид ва ишонч билан қарамоқда", деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз парламент аъзолари билан кейинги уч йил ичида 11 марта учрашганини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлат раҳбари бу мулоқотларда ҳар гал парламент ва сиёсий партиялар ролини оширишга, давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилишга, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият бермоқда.
Ўзбекистон Президентининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан навбатдаги учрашуви бу борада янги, тарихан юксак босқичга асос солди. Давлат раҳбари давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги кўплаб долзарб муаммоларни кўтарди. Мавжуд камчиликларни очиқ ва аччиқ танқид қилди, истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Давлат раҳбари томонидан “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар – янги парламент” деган устувор ғоя долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўйилди.
Янги Ўзбекистонда вазият тубдан ўзгарган бугунги даврда, яъни янгиланган Ўзбекистон шароитида янги парламент қандай бўлиши керак?
Биринчидан, янги сайланган, янги депутатларни одамлар сезиши лозим. Янги парламентнинг янгича фаолиятини халқ сезсин ва муносиб баҳоласин.
Бу, ўз навбатида, янги парламентдан ўрин олган сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловолди дастурлари ва ваъдаларини нечоғлик бажаришларига боғлиқ. Содда қилиб айтганда, янги парламент аҳолининг талаб ва эҳтиёжларига жавоб бериши лозим.
Аҳоли эса эндиликда сиёсий мудроқликдан уйғонди ва бу ўзига хос сиёсий уйғониш бўлди. Кейинги бир неча йил ичида одамларнинг сиёсий савияси ўсди, дунёқараши ўзгармоқда.
Шундай экан, онгли равишда фаолият юритадиган депутатлар янги парламентнинг юзини кўрсата билишлари керак. Депутатлик масъулияти дегани ҳам шу, аслида.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади”.
Иккинчидан, янгидан шаклланган парламентимиз аъзоларининг аксариятини, яъни 111 нафари ёки 74 фозини илк бор депутат бўлиб сайланган шижоатли инсонлар, ўз ишининг усталари ташкил этади. Лекин уларнинг барчаси бугунданоқ қонун ёзишга қодир, деб айтолмаймиз.
Албатта, ушбу ҳамкасбларимиздан ҳар бири ўз соҳасининг юксак иқтидорли мутахассиси эканига шубҳа йўқ. Аммо жуда қисқа муддатларда улар ўзларининг қонун ижодкорлиги, қонун техникаси ва парламентнинг кўп қиррали фаолиятига тааллуқли соҳалардаги билим ва кўникмаларини ошириб улгуришлари тақозо этилади.
Шу маънода, Президентимиз томонидан Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини жорий этиш таклиф қилингани айни муддаодир.
Учинчидан, бизнинг муаммоларимизни ҳеч ким ташқаридан келиб ҳал қилиб бермайди. Депутатлар бефарқ бўлмасликлари керак. Янги парламентнинг самарали фаолияти депутатларнинг савияси ва профессионаллигига боғлиқ. Ислоҳотлар натижасига депутатлар ҳам маъсул ва жавобгардир. Депутатлик – бу буюк масъулият ва жавобгарликдир.
Оддий одамларнинг овозини олиб, сайланган депутат шу оддий одамларнинг дарду ташвиши билан яшаши шарт. Одамларни қандай қилиб рози қилиш мумкин? Албатта, халқ билан қанча кўп учрашилса, мулоқот қилинса, шунча кам хато қиламиз ва кўп натижага эришамиз.
Мурожаатномада баён қилинганидек ҳамда дунё ҳамжамияти томонидан ноёб янги демократик институт сифатида эътироф этилаётган Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига ўтган йилда бир миллиондан зиёд мурожаат тушган. Ана шу мурожаатлар одамларни қандай муаммо ва ташвишлар қийнаётгани ҳақида хулоса чиқаришга имкон бермоқда.
Президентимиз бундан буён мурожаатларнинг чуқур таҳлили асосида амалий ишлар олиб борилишини қайд этди. Бу каби вазифаларни бажариш барча давлат органлари, айниқса, сенатор ва депутатлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Тўртинчидан, янги парламент – халқпарвар парламент бўлиши керак. Халқ вакиллари фаолият олиб борадиган парламент – аслида, Халқ уйидир.
Ҳозирги кунда парламент қонунчилик фаолияти замон талабларига тўла жавоб беради дея олмаймиз. Ишлаб чиқаётган қонунларимиз аниқ бир соҳадаги айрим вазифаларнигина ҳал қилишга хизмат қилади. Улар ҳали комплекс характерга эга ёки кодификациялашган эмас. Бу борада қиладиган ишларимиз талай.
Қонун ижодкорлигимиз ҳозирги ислоҳотлар шиддати ва суръатларидан анча ортда қолмоқда. Ваҳоланки, қонун ижодкорлиги ислоҳотлардан сал бўлса ҳам илгарироқ юриши керак.
Бу борада биз ҳали ислоҳотлардан илгарилаш у ёқда турсин, жамият ва давлат ҳаётидаги туб ўзгаришларнинг қонуний асосларини ҳаёт, замонамиз ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб таъминлаб боришга ҳам тўла эришганимиз йўқ.
Бешинчидан, яқинда бўлиб ўтган сайловлар олдимизда парламентаризмни ва кўппартиявий тизимни янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, халқимизнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш борасида ҳали кўпгина вазифалар турганини кўрсатди. ННТ ва сиёсий партияларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қонун ҳужжатларини ҳам кодификациялаш лозим.
Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, янги парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.
“Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман. Сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича, аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур”, деди Президентимиз.
Олтинчидан, янги парламент Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга ўз ҳиссасини қўшиши даркор. Айниқса, “Демократия индекси”, "Қонун устуворлиги индекси", "Коррупцияни назорат қилиш индекси"да янги Ўзбекистон ўзининг намуна бўлгулик сифатларини намоён этиши зарур.
Кейинги даврда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеини ошириш бўйича Президентимизнинг 12 та фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар бу борада муайян ижобий ўзгаришларга эришишимиз учун мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Хусусан, мамлакатимиз "Бизнес юритиш индекси"да 100 поғонадан кўпроқ юқорилади ва ҳозир 69-ўринда турибди. Шунингдек, Ўзбекистон кейинги даврда “Иқтисодий эркинлик индекси”да 26 поғонага, “Логистика самарадорлиги индекси”да эса 19 поғонага кўтарилди.
Яқин орада "Сўз эркинлиги ва ҳисобдорлик индекси", "Жаҳон матбуоти эркинлиги индекси" каби халқаро рейтингларда кўрсаткичларимизни бутунлай янгилашимиз тақозо этилади.
Бинобарин, Ўзбекистоннинг ҳалқаро иқтисодий ва ижтимоий рейтинглар, сиёсий муҳитни аниқлашга оид индекслардаги ўрнини яхшилаб боришда – бу “дуинг бизнес” бўладими, инвестиция муҳитига оид бўладими, инсон ҳуқуқлари ёки матбуот ва сўз эркинлиги соҳасидами, “инновацион ривожланишга тайёрлик”га тегишли бўладими ва ҳоказо – ушбу жараёнларда нафақат ижро этувчи ҳокимият, балки вакиллик ҳокимиятининг ҳам аҳамияти юксакдир.
Еттинчидан, парламентнинг ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий сиёсат борасидаги фаолиятини, унинг устувор йўналишларини аниқлаш, нуфузли халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг миллий манфатларини ҳимоя қилиш каби вазифаларини самарали амалга ошириш талаб этилади.
Хусусан, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар соҳаларга инвестициялар жалб этиш каби йўналишларда Ўзбекистон билан хорижий мамлакатлар ўртасидаги парламентлараро икки томонлама ҳамкорлик гуруҳлари, халқаро ташкилотлар доирасидаги парламентлараро тузилмалардаги иштирокимиздан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб талабларидандир.
Биз қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва халқаро ҳамкорлик бўйича фаолиятимизда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Кейинги даврда Олий Мажлис Президентимиз ташқи сиёсий йўлининг фаол иштирокчисига айлангани, шубҳасиз, мамлакатимизда парламент дипломатияси ривожлана бошлаганини кўрсатади. Зеро, Ўзбекистон парламенти эндиликда парламентлараро халқаро ташкилотларда иштирок этмоқда. Икки томонлама депутатлик гуруҳлари кўпайиб, 28 тага етди ва улар изчил фаоллашди.
Айни чоғда, Президентимиз парламентнинг нафақат ислоҳотларни таъминлаш учун зарур қонуний асосларни яратиб бериш, балки мамлакат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги фаолиятини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш заруриятига эътиборни қаратди. Ҳақиқатан ҳам, ҳали биз “парламент дипломатияси”, “халқона ёки партиявий дипломатия” имкониятларидан етарли даражада фойдаланмадик.
Янги шаклланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси келгуси фаолиятининг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат.
Биринчи йўналиш: Конституцияга мувофиқ, Қонунчилик палатасининг энг муҳим ваколатларидан бири – бу халқаро шартномаларни ратификация ёки денонсация қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, Президентимиз уқтирганидек, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг ҳукумат томонидан изчил бажарилишини назорат қилиш ҳам қуйи палатанинг асосий вазифаси бўлиши керак.
Иккинчи йўналиш: Қонунчилик палатаси бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозим.
Учинчи йўналиш: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қонунчилик палатаси ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш ҳам қуйи палатанинг диққат марказида бўлиши керак.
Тўртинчи йўналиш: бугунги кунда жаҳон парламентаризмида илғор тажриба бўлмиш, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш амалиёти халқаро даражада эътироф этилмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ушбу номдаги Парламент комиссияси фаолияти изчил мувофиқлаштириб борилиши муҳим.
Бешинчи йўналиш: Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилган. Бу институт қонун лойиҳаларини тайёрлашда, уларни муҳокама қилишда, қабул қилинган қонунлар моҳиятини жамоатчиликка етказишда парламент аъзоларига ҳақиқий ёрдамчи бўлиши лозим.
Олтинчи йўналиш: қонун ижодкорлиги фаолиятига илмий-инновацион омилни кенг жорий этиш ҳам бундан кейин қуйи палатанинг муҳим вазифаси бўлиб қолиши керак.
Бугунги кунда Ўзбекистонимиз ўз тараққиёт йўлидан жадал илгарилаб бормоқда. Ўтган уч йил давомида амалга оширилган ислоҳотларимиз дастлабки самараларини бера бошлади. Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистонга қизиқиш ва эътибор, мамлакатимизнинг куч ва имкониятларига, унинг келажагига бўлган ишонч тобора ортиб бормоқда.
Бу, ўз навбатида, тараққиётнинг янги босқичига чиқиш, кўзлаган мақсадларимизга етиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Шундай экан, бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ишончига сазовор бўлган ҳар бир депутат бу юксак ишончни амалий ишлар билан оқлаши керак.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 07.02.2020
- Кўришлар: 7737
- Чоп этиш