Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга ташрифи давом этмоқда. Делегация аъзолари БМТ Бош Ассамблеясининг Учинчи қўмитаси мажлисларида қатнашмоқда.
Ташриф доирасида ИҲТ Комиссияси аъзолари 23 октябрь куни БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлдилар. Бу ерда ЮНИСЕФ Дастурлаштириш бошқармаси ижрочи директори Ҳенриетта Ахренс ва ушбу Бошқарманинг Инсон ҳуқуқлари бўлими дастурлаштириш бўйича менежери Ратха Жҳавери хонимлар билан учрашув ўтказилди.
ИҲТ Комиссияси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлаш жараёнлари ҳақида тўхталди. Айни пайтда Конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва халқаро миқёсда муҳокама қилинаётгани таъкидланди.
Октябрь ойи бошида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Ўзбекистон Ҳукумати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси офиси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган йирик халқаро анжуман ташкил этгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ЮНИСЕФ ходимларида катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув асносида ушбу нуфузли семинарда қабул қилинган Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси матни тақдим этилди.
Томонлар, шунингдек, ИҲТнинг иккита ҳужжати – Исломда инсон ҳуқуқлари декларацияси ва Бола ҳуқуқлари бўйича пакт лойиҳалари бўйича фикр алмашдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.10.2019
- Кўришлар: 5343
- Чоп этиш