Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов бошчилигидаги делегация аъзолари БМТ Бош Ассамблеясининг Учинчи қўмитаси мажлисларида қатнашмоқда.
ИҲТ Комиссияси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов 25 октябрь куни, АҚШга ташрифи доирасида БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла М'Жид билан учрашди.
Мулоқотда аввало жорий йилда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганига 30 йил тўлаётгани ҳақида сўз борди. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича асосий халқаро ҳужжат сифатида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 29 ноябрда қабул қилинган мазкур Конвенцияни Ўзбекистон 1992 йил 9 декабрда ратификация қилган.
БМТ Бош котибининг махсус вакили 2019 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинганини қутлади. Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.
Бундан аввал Суриядаги қонли жанггоҳлардан 157 нафар ватандошимиз юртимизга қайтариб олиб келинганди. Уларнинг орасида ҳам норасидалар кўпчиликни ташкил этади.
Учрашувда БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ишлар, ушбу муҳим халқаро ҳужжатнинг бола ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги аҳамияти ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида миллий қонунчиликда ижобий ўзгаришлар юз бергани эътироф этилди.
Хусусан, жорий йил сентябрида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Янги қонунларга кўра, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани таъкидланди. Айни вақтда ушбу лойиҳа халқаро миқёсда муҳокама қилинмоқда.
Маълумки, ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Ўзбекистон Ҳукумати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси офиси билан ҳамкорликда яқинда Тошкент шаҳрида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган йирик халқаро анжуман ўтказди.
Ушбу нуфузли семинар якунлари бўйича қабул қилинган Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси Нажат Маалла М'Жид жанобларида катта қизиқиш уйғотди.
Томонлар, шунингдек, ИҲТнинг иккита ҳужжати – Исломда инсон ҳуқуқлари декларацияси ва Бола ҳуқуқлари бўйича пакт лойиҳаларини қабул қилиш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.10.2019
- Кўришлар: 5580
- Чоп этиш