Миллий стратегия: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича давлат сиёсатининг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармонига  мувофиқ, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган:

- халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”)нинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

- қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;

- Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.

Давлат раҳбари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси билан бир қаторда, яна иккита ҳужжат тасдиқланди. Булар - Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази масъул ходими Лавиза Исхакованинг "Правда Востока" газетасининг 2020 йил 9 июль сонида эълон қилинган "Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича давлат сиёсатининг янги босқичи" ("Новый этап государственной политики по правам человека Узбекистана") сарлавҳали мақоласида шу ҳақда сўз юритилган. Муаллиф Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнлари, шунингдек мазкур дастурий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида тўхталган.

Маълумот учун: Фармонга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази  Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан:

  • мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;
  • доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштириб боради;
  • ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумот киритади;
  • ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech