11 октябрь куни Бухоро шаҳрида “ЕХҲТнинг Люблянa тавсиялари ва Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик соҳасидаги сиёсати” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Ушбу тадбир бундан бир кун олдин Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ташкил этилган амалий мулоқотнинг давомидир.
Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад давлат органлари вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолларини хилма-хил ҳамжамиятлар интеграциясига кўмаклашишга қаратилган бағрикенглик сиёсати тамойилларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида халқаро миқёсдаги раҳбарий принциплар ва амалий тавсиялар билан таништиришдан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Абдулҳай Мўминов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси вакили Ильдар Файзуллин, шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимлиги мутасаддиси Ботир Норбоев давра суҳбати иштирокчиларини қутладилар. Мамлакатимиз миллий ва этник масалалар борасида ЕХҲТ билан фаол ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди.
Тадбирда хорижий экспертлар – ЕХҲТ Кам сонли миллатлар иши бўйича Олий комиссарининг маслаҳатчиси Андрей Ханжин “Самарадор интеграция принциплари” ва Эстониядаги Тарту университетининг Нарва коллежи директори Кристина Каллас “ЕХҲТнинг турли мамлакатларидаги энг мақбул амалиётлардан намуналар” мавзуларида маъруза қилди.
Сўзга чиққанлар ЕХҲТнинг 2012 йили Любляна шаҳрида қабул қилинган «Турфа хил жамиятларнинг интеграцияси бўйича Любляна тавсиялари» мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр юритишди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида ҳамда келгусида ушбу ҳужжат доирасида бажариладиган ишлар муҳокама қилинди.
Музокараларда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да миллатлараро, динлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда яшайдиган барча миллатларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга доир устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилганига эътибор қаратилди. Бу борадаги кенг қамровли ислоҳотларда мазкур муҳим ҳужжат дастуриламал бўлаётгани эътироф этилди.
Давра суҳбатида Бухоро вилоятидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутасаддилари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.10.2019
- Кўришлар: 5560
- Чоп этиш