Одил судлов ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси янги босқичда

2020 йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда sud.uz сайти.

Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари иштирок этди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилганди.

Шу мақсадда 2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Пленумда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу Фармоннинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.

Мазкур ҳужжатда давлат раҳбарининг Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишлаб 2019 йил декабрида ўтказилган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда 2020 йил январида Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси ва жорий йил 30 июнда судьялар корпуси билан учрашувда сўзлаган нутқида кўзда тутилган суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов сифатини оширишга доир навбатдаги долзарб вазифалар белгилаб берилгани таъкидланди.

Йиғилишда ушбу Фармон ижросини таъминлаш доирасида Олий суд Пленумининг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech