Самарқанд форуми долзарб ва ўз вақтида ташкил этилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумини ўтказиш ниҳоятда долзарб ва ўз вақтида амалга оширилган ташаббусдир, дейди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов.

Бу, жумладан, унинг таъбири билан айтганда, "дунёдаги аксарият мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ва аҳолиси соғлиғига сезиларли зиён етказган" коронавирус пандемияси туфайли юзага келган шароитлар билан боғлиқ. В.Норов Самарқанд форумининг 12 августда бўлиб ўтган очилиш маросимидаги чиқишида қайд этганидек, "маънавий-руҳий ва жисмоний саломатлик, таълим, касбий ривожланиш ва фуқаролик фаоллиги нуқтаи назаридан ёндашганда, ҳозирги инқироздан ёшлар ҳаммадан кўпроқ жабр кўрди".    

Шу муносабат билан Самарқанд форумининг долзарблиги ҳақида сўз борганда, ШҲТ Бош котибининг фикрича, "бугун мамлакатларимиздаги ёшлар давлат, халқаро ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг навқирон авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг ижодий салоҳиятидан мамлакатларимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш борасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ташкилий ва ҳуқуқий чоралар кўриш орқали кўрсатадиган ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож" эканини таъкидлаш лозим.

"Бугун ер юзи ёшларининг қарийб ярми ёки 800 миллион нафар киши Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида истиқомат қилади. Мамлакатларимиз ёшлари ўзларининг шижоати, новаторлиги ва янги ғоялари билан ШҲТнинг келгуси тараққиёт йўлида, фаолиятининг турли жабҳаларида муҳим таянч ҳисобланади. Худди шу боис ёшлар ҳамиша бизнинг Ташкилот диққат марказида туради", деди В.Норов.

ШҲТ Бош котиби, шунингдек ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг 2019 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган 18-мажлисида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон томонининг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси лойиҳасини тайёрлашга доир ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бу борада ўзаро мувофиқликда иш олиб бориш истакларини билдирганларини таъкидлади.

В.Норовнинг қайд этишича, "мазкур БМТ Конвенциясининг ўзига хос аҳамияти шуки, унда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб соҳаларини тартибга солишга тааллуқли халқаро ва миллий тажриба ҳисобга олинган ҳамда ушбу ҳужжат ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, навқирон инсонларнинг салоҳиятларини, ҳуқуқлари, эркинликлари ва энг мақбул манфаатларини жамики хилма-хил кўринишларида ва бутун дунё миқёсида кафолатлаш мақсадида халқаро, минтақавий ва миллий даражалардаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга қаратилган".

"Ушбу Конвенциянинг БМТ Бош Ассамблеясининг яқин орадаги сессиясида қабул қилиниши давлатлар ва бутун жаҳон ҳамжамияти олдида турган даъватларга ўз вақтида ва амалий тарзда берилган жавоб, шунингдек ёшларнинг уйғун ривожланиши, уларнинг улкан салоҳиятидан мамлакатларимиз фаровонлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда пандемиянинг салбий асоратларини енгиб ўтишда фойдаланиш учун қулай имконият бўлур эди".

Икки кундан буён давом этаётган "Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини 2020 йил 12 август куни бошлади. Унинг очилиши БМТ томонидан Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинган муҳим санага тўғри келганида ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки, ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи, Низоларнинг олдини олиш маркази директори Туула Юрьёля ўз чиқишида таъкидлаганидек, бу йилги  Халқаро ёшлар куни "Ёшларни глобал фаолиятга жалб этиш" мавзусига бағишланган.

"Ҳукуматлар билан ёшлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўли билан халқаро ҳамжамиятни сўздан амалиётга ўтишга рағбатлантириш - бу биз ҳам ЕХҲТ ишида эътибор қаратиб келаётган муҳим масала. Глобал COVID-19 пандемиясининг турли соҳалардаги оқибатлари қанчалик ачинарли бўлмасин, у айрим имкониятларни очаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди, чунки биз ҳаттоки шундай оғир шароитлардаям ёшларни ўз келажакларини бунёд этишга жалб этишимиз зарур", деди Туула Юрьёля. Шу маънода, ёшларнинг шижоати ва ижодий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, уларни пандемия туфайли юзага келган кўплаб муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ ишларга йўналтириш тақозо этилади.

"Энг асосийси қарорларни лойиҳалаштиришдир. Бу икки томонлама қатновли кўча: қарор қабул қиладиганлар ва ёшлар бир-бирларидан ўрганишлари ҳамда бир-бирларига ёрдам беришлари мумкин", деб ҳисоблайди Туула Юрьёля.

"Ёшларни жалб этиш - бу нафақат инклюзив натижа, айни чоғда, тинчлик ва хавфсизликнинг барқарорлиги ҳамдир. Шу сабабли кун тартибидаги ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик соҳалари мавзуси муҳокамалари бутун дунёни қамраётганини маъқуллайман", деди ЕХҲТ вакили ушбу муҳим мавзуга доир ташаббус билан чиққани учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорлик билдирар экан.

"Навқирон инсонлар ўзларининг келажагини белгилаб берадиган қарорларни қабул қилиш жараёнларида кўпинча иштирок этмайдилар. Шунингдек, уларнинг ўз фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасидаги ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш лаёқатлари турли тўсиқларга учрайди", деди Самарқанд форумидаги чиқишида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директорининг биринчи ўринбосари Катаржина Гардапхадзе.

Шунга қарамай, унинг таъкидлашича, "ёшлар ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими асосида ётган принципларга, шунингдек барқарор ва бирдам жамият қуриш ҳамда бундай жамиятни қўллаб-қувватлаш борасидаги ўз ўрнига нисбатан анча эътиборлидир".

"Улар ўз қарашларини ифода этиш кўникмасига ва эртага куннинг етакчиларига айланиш имкониятига эга бўлишлари лозим. Навқирон инсонларни рағбатлантириш ва бу жараёнларга кенг иштирок этишларини таъминлашнинг энг самарали йўлларидан бири - инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўлиб, бунда инсон қадр-қимматини ҳурмат қилишда инсон ҳуқуқлари қанчалик муҳим аҳамият касб этишини ўқиб-ўрганиш ва англаб етиш муҳим ҳисобланади", дейди ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директорининг биринчи ўринбосари.

Катаржина Гардапхадзе ўз чиқишида Ўзбекистонда ислоҳотлар доирасида катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини юқори баҳолади.

"Ёшлар ҳамиша ана шу барча ислоҳотларнинг марказида туришини таъминлаш жуда муҳимдир. Шунингдек, биз форумда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси муҳокама қилинишини юқори баҳолаймиз ва бу жараёнда кўмак беришга тайёрмиз", деб таъкидлади у.

Айни пайтда Самарқанд форумида Ўзбекистон Президентининг БМТ 72-сессиясидаги ташаббуси асосида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси матни кўриб чиқилмоқда.

Конвенция лойиҳасини тайёрлаш борасидаги ишлар икки йилдан кўпроқ вақт давом этди. Ўтган даврда ушбу соҳада тўпланган минтақавий тажриба ва хорижий мамлакатларнинг илғор амалиёти ўрганилди. Минтақавий ва миллий даражаларда турли тадбирлар ўтказилди.

Ҳозирги вақтда Конвенция матни Муқаддима ва 26 та моддадан иборат. Конвенция муқаддимасида қай этилганидек, "барча мамлакатларда ёшлар ривожланиш мақсадлари учун зарур бўлган асосий одам ресурсларидан бири ва ижтимоий ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш ҳамда техника тараққиётининг асосий иштирокчилари" ҳисобланади.

Шу билан бирга, Конвенцияда "ёшлар глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жўшқин ривожланаётган шароитларда жамиятдаги йирик ўзгаришларнинг ўтказувчилари, манфаатдорлари ва жабрдийдалари ҳисобланиши" ҳам алоҳида таъкидланган. Худди шу омиллар Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциянинг қабул қилинишини тақозо этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech