Ўзбекистон Глобал инновацион индексда 93-ўринга кўтарилди

Глобал инновацион индексда мамлакатимиз дунёнинг 131 та мамлакати ичида  93-ўринни эгаллади. Бу ҳақда жорий йил 2 сентябрда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва Корнел Университети томонидан Глобал инновацион индекс рейтингининг навбатдаги, яъни 2020 йил бўйича «Инновацияни ким молиялаштиради?» мавзусидаги нашрининг 13-сонида эълон қилинди.

Ҳар йили 24 июль санасида чоп этилиши анъанага айланган мазкур нашр бу йилги пандемия оқибатлари туфайли кечиктирилгани илгари маълум қилинганди. Нашрда жорий йилда дунё мамлакатларининг инновацион фаолияти суръатларига тааллуқли ўзгаришлар ўз аксини топган.

Ўзбекистоннинг узоқ муддатли танаффусдан сўнг яна қайта Глобал инновацион индекси рейтингида рўйхатга киритилгани биз учун муҳим ўзгаришлардан биридир, дейилади yuz.uz сайти ахборотида. Бу юртимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар, хусусан, шаффофлик ва очиқлик сиёсати ҳамда инновацион фаолиятдаги ижобий янгиланишлар самарасидир.

2020 йилда Ўзбекистон 80 та кўрсаткичдан иборат Глобал инновацион индекс рейтингида:

  • Институционал ривожланиш (Institutions);
  • Инсон капитали ва илмий тадқиқот фаолияти (Human capital & research);
  • Инфратузилма (Infrastructure);
  • Билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs);
  • Ижодий натижадорлик (Creative outputs) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришди.

Глобал инновацион индекс рейтингда етакчилик қилаётган давлатлар ҳақида сўз борганда, Швейцария – 1-ўринни забт этганини таъкидлаш лозим.

Ўзбекистонга яқин ҳамкор ва қўшни давлатлар орасида:

- Россия – 47-ўрин;

- Қозоғистон – 77-ўрин;

- Қирғизистон – 94-ўрин;

- Тожикистон – 109-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотларига қараганда, 2020 йил мамлакатимиз Глобал инновацион индексга қайтган. Бу янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасидир. Глобал инновацион индексда Ўзбекистоннинг 93-ўринда бўлиши ҳозирги пайтда инновацион ривожланиш ва илм-фан ривожига қаратилаётган юксак эътибор самараси ҳисобланади.

Маълумот учун: Ўзбекистон сўнги марта 2015 йилда ушбу халқаро рейтингда 140 дан ортиқ давлат ичида 122-ўринни банд этган.

Бугунги кунда мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу вазифа Президентимизнинг 2018 йил 21 сентябрда қабул қилинган «2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегия тўғрисида»ги фармонида асосий вазифалардан бири этиб белгиланган.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт”.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech