“Ўзбекистон жаҳон майдонида”

24 сентябрь куни Тошкентда худди шу мавзуда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТнинг 75-сессиясида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг моҳияти ҳамда аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тизимлари намояндалари, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари, элчилар, фуқаролик жамияти институтлари ва ёшлар ташкилотлари фаоллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди ва сўзга чиқди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сессияни бошқарар экан, Президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг 75-сессиясида сўзлаган нутқининг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уч устувор йўналиши,  яъни тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор иқтисодий тараққиёт ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишлари бор. Давлат раҳбари шу йўналишларда миллий, минтақавий ва глобал миқёсда таклифлар берди. БМТ жамиятни давлат, бизнес ва фуқаролик жамиятига бўлади. Ўзбекистон берган таклифлар шу секторларнинг ҳар бирини қамраб олади. Шунингдек, БМТ минбаридан билдирилган ушбу таклифлар Ўзбекистон тасвирини халқаро миқёсда чизиб берди.

Хусусан, БМТ тарихида илк бор Президентимиз 2 та муҳим масала - Барқарор тараққиёт мақсадлари ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентнинг ролини ошириш масалаларини ўзаро боғлаган ҳолда, махсус резолюция қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бундай ёндашув илгари кузатилмаган.

Ўзбекистон Президентининг таклифлари халқаро ва хорижий экспертлар томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида иштирок этган Юристлар халқаро кенгаши раиси Аниш Агарвала Президент Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслари билан нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Осиё минтақасида пешқадамлик қилмоқда, деган фикрни айтди.

БМТдан кейин иккинчи ўринда турадиган нуфузли халқаро ташкилот — Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирди.

 

Маълумот учун: Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида илгари сурган таклиф ва ташаббуслар:

  • БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклиф этилди;
  • Бош котиб Антониу Гутерришнинг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифи маъқулланди;
  • халқаро ҳамжамият БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирилди;
  • Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди;
  • БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф этилди;
  • Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш таклиф этилди;
  • 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга Ўзбекистон тайёрлиги маълум қилинди;
  • БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклиф этилди;
  • Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди. Шунингдек, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди;
  • Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклиф этилди;
  • Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёрлиги маълум қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech