Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув модулининг очилишига бағишланган онлайн очилиш маросими

2020 йил 15 декабрь куни Буюк Британиянинг Global Partners Governance Foundation GPGF нодавлат ташкилоти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда Парламент комиссияси аъзолари учун Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан Zoom платформасида онлайн ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Global Partners Governance - Буюк Британияда жойлашган, бутун дунё бўйлаб сиёсий институтларни мустаҳкамлаш ва сиёсий ваколат сифатини ошириш бўйича иш олиб борадиган ижтимоий мақсадли компания. GPG давлатларнинг ўз ислоҳотларини аниқлаш ва амалга оширишга ёрдам бериш учун дунёдаги енг қийин сиёсий шароитларда - миллий, минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органларида - юқори даражали сиёсатчилар, вазирлар ва мансабдор шахслар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Шу йилнинг 12-14 феврал кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори А. Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси миллий маркази делегацияси Лондон шаҳрига (Буюк Британия) га ташриф буюрди. Ташриф доирасида

Ўзбекистон делегацияси GPG ННТ ижрочи директори доктор Суе Гриффиц билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида делегация аъзолари ННТ томонидан ташкил этилган ташриф дастурини, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, парламент аъзолари билан учрашувларни муҳокама қилдилар.ННТ раҳбарияти Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга ташрифи катта мамнуният билан ташкил этилганини таъкидлади.

Тадбирдан кўзланган мақсад – тренинг иштирокчиларига инсон ҳуқуқлари бўйича қўмиталарнинг қандай ишлаши ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари билан қандай муносабатда бўлишлари ҳақида кўп томонлама тушунча бериш ҳамда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилган муҳим халқаро ҳужжатлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари, жумладан Буюк Британиянинг GPGF мутахассислари томонидан тақдим этилган тематик тадқиқотлари тўғрисида маълумотларни ўрганишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 сентябрдаги Қўшма қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди.

Ушбу тадбир бевосита ўзбек-британ хамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида ҳамда жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов бошчилигидаги делегациянинг Буюк Британияга ташрифи доирасида GPGF нодавлат ташкилоти вакиллари билан учрашувдаги келишувларга биноан ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси Тим Торлот, GPGF нодавлат ташкилоти эксперти Баронесса Элисон Сатти ва GPGF нодавлат ташкилоти директори ўринбосари Рианнон Холлислар тадбир иштирокчиларини самимий қутладилар.

GPGF нодавлат ташкилоти экспертлари Халқаро Парламентлар эксперти Ник Уолкер, Лойихалар бошқармаси ходими Исилай Актас, Лойихалар бошқармаси ходими Элизабетт Яшневалар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссияси аъзолари учун яратилган ўқув модули таништирилди.

Онлайн-ўқув тренинги 5 та модулдан иборат, улар қуйидагилар:

  • Халқаро инсон ҳуқуқлари асослари ва мажбуриятлари;
  • Инсон ҳуқуқларига амал қилишда гендер ёндашув;
  • Парламентда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўлланма;
  • Cовид-19 пандемиясидан келиб чиқадиган инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро парламентларнинг жавоблари бир қатор мамлакатларнинг энг яхши амалиёти ва инновацион ёндашувларини ёритиш;
  • Инсон ҳуқуқлари соҳасида фуқароларга ва фуқаролик жамиятига самарали ёрдам бериш.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Халқаро ҳамкорлик бўлими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech