Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Тожикистон пойтахти -Душанбе шаҳрига ташриф буюрди.
Жорий йил 14-15 сентябрь кунлари бу ерда “Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклигида янги саҳифанинг очилиши” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Тадбир Тожикистон Миллий Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда, дейилади ЎзА хабарида.
Конференцияда Тожикистоннинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари олимлари билан бирга Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг сиёсий иродаси, очиқ ва конструктив ташқи сиёсати самарасида эришилган икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш натижалари таҳлил қилинади.
Икки кунлик анжуманда сиёсат ва хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқалар, сармоявий ҳамкорлик, транспорт коммуникациялари ва туризмни ривожлантириш, маданий, илмий-маърифий алоқаларни кенгайтириш соҳасидаги ўзаро алоқалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Бундай конференцияни ўтказишнинг долзарблиги замонавий шароитда Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклигини ўрнатиш жараёнлари билан боғлиқ.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли қўйилган мустаҳкам пойдевор асосида юксак даражада ривожланмоқда. Юқори даражадаги мунтазам алоқалар ишончли мулоқотни шакллантириш ва институционал ўзаро алоқаларнинг янги механизмларини йўлга қўйиш имконини берди.
2018 йил март ойида 27 йил ичида Ўзбекистон Президентининг Тожикистон Республикасига илк давлат ташрифи амалга оширилди. Ўша йили август ойида Тожикистон Президентининг мамлакатимизга олий даражадаги ташрифи уюштирилди. Душанбе ва Тошкентда музокараларида мамлакатларимиз раҳбарлари икки томонлама муносабатларнинг барча кун тартибидаги муҳим қарорларини қабул қилдилар.
Давлат ташрифлари доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим, ёшлар сиёсати ва бошқа соҳаларга оид икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга доир жами 54 та ҳужжат имзоланди. Мамлакатларимиз ҳудудлари, жумладан, Сурхондарё ва Суғд вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди.
Ҳар икки давлат, айниқса, чегара ҳудудлари аҳолисининг бемалол ташриф буюришига имкон берадиган Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома ва Фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим халқларимиз учун узоқ йиллар кутилган воқеа бўлди.
2018 мамлакатларимиз ўртасида виза режимининг бекор қилиниши ва 17 та назорат-ўтказиш пунктининг очилиши муҳим воқеалардан бири бўлди. Бунинг самарасида 2019 йилда Ўзбекистонга келган тожикистонлик меҳмонлар сони 1,5 миллион нафарга етди. 1,2 миллион нафар ўзбекистонлик Тожикистонда бўлди. Давлат чегараси ҳақиқатан ҳам дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик чегарасига айланди.
Тошкентга ташриф чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасида стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзоланди. Ушбу ҳужжат икки давлат ва халқлар ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга ёрдам беради.
Эришилган келишувларни жадал амалга ошириш мақсадида сўнгги 2 йил ичида бош вазирлар даражасида 4 та учрашув ўтказилди. Айни дамда ҳукуматлараро музокаралар нафақат икки мамлакат пойтахтларида, балки Фарғона, Термиз ва Бекобод шаҳарларида ҳам ўтказилди.
Ташқи ишлар вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари даражасидаги учрашув ва маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказилмоқда. Сўнгги 4 йил ичида икки давлат ташқи ишлар вазирларининг 22 марта учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда Тожикистон Республикаси Мажлиси Олий ўртасида парламентлараро гуруҳлар ҳамкорлиги йўлга қўйилди. 2018-2019 йилларда Тожикистон парламентининг ҳар икки палатаси раҳбарларининг Тошкентга икки марта ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг Душанбега бир марта ташрифи амалга оширилди.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик Хавфсизлик Кенгашлари, парламентлараро алоқалар ва вазирликлараро маслаҳатлашувлар каби механизмлар орқали амалга оширилмоқда. Минтақавий хавфсизликка таҳдидларнинг кучайиб бориши муносабати билан махсус хизматлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва мудофаа идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида эркин савдо режими амал қилмоқда. Яратилган қулай шарт-шароитлар мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларнинг ўсишига ёрдам бермоқда. 2019 йил якунларига кўра, ўзаро товар айланмаси ҳажми қарийб 3 баравар ошиб, 497 миллион долларга етди. Жорий йилда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ чекловларга қарамай, савдо кўрсаткичларини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бутун Марказий Осиё минтақаси иқтисодий ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи вазифасини бажариши мумкин. Қулай географик жойлашув ва кенг транспорт инфратузилмаси минтақа мамлакатларига энг яқин бозорларга чиқиш имконини беради.
Темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспорти орқали юк ва йўловчилар ташишни ривожлантириш нафақат товар айирбошлаш ҳажми, балки минтақа давлатларига сайёҳлар оқимининг ўсишини ҳам таъминлайди.
Шу билан бирга, халқларимизни бир-бирига чамбарчас боғлайдиган қондошлик алоқалари негизини ташкил этувчи маданий-гуманитар алоқалар давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлайдиган маънавий риштадир. Бугунги кунда икки мамлакат илмий-таълим муассасаларининг алмашинуви йўлга қўйилган, турли қўшма тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон интеллектуал қатлами салоҳиятини бирлаштирган ушбу анжуман икки томонлама муносабатларнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболларини баҳолашга илмий ҳисса қўшишга қаратилган.
Ушбу илмий-амалий конференциянинг форматини муҳим мунозара майдончасига айлантириш кўзда тутилган. Муҳокамалар асосида ўзаро дастурларни амалий чоралар ва уларни амалга ошириш механизмлари билан тўлдирган ҳолда, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклигининг устувор йўналишлари ва мақсадлари бўйича қўшимча ғоялар ва тавсиялар таклиф этилади.
Конференция доирасида махсус маданий дастурлар ташкил этилади, иштирокчилар мезбон мамлакат тарихи ва анъаналари билан танишадилар.
Маълумот учун: мамлакатимиз делегацияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, «Маъно» маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ва Ўзбекистон давлат консерваторияси экспертларидан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.09.2020
- Кўришлар: 4050
- Чоп этиш