Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрига амалга оширган ташрифи самарали бўлди, деб хабар берди ЎзА.
Бу ерда “Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклигида янги саҳифанинг очилиши” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Тожикистон Миллий Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон делегацияси раҳбари, академик А.Саидов икки қардош мамлакатлар халқлари фаровонлиги йўлида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни хар томонлама кенгайтириш учун мисли кўрилмаган қулай имкониятлар очилаётганини таъкидлади. Бугунги кунда шаклланаётган муҳитни чуқур англаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва аниқ натижаларга эришиш муҳим ҳисобланади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни юқори даражага кўтаришда, ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиш стратегиясини белгилашда ва амалга оширишда Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг оқилона сиёсати асосий ва муҳим вазифани бажармоқда. Айнан давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва дўстона алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга – стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди.
Бу ўринда икки мамлакат раҳбарларининг 2018 йилда Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтларида бўлиб ўтган тарихий учрашувлари ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги асрлар давомида синовдан ўтган дўстликни яққол намоён этганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Кучли сиёсий ирода, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш, ўрнатилган юқори даражадаги сиёсий мулоқот, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва давлатлар ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида бирон-бир ечими бўлмаган масалалар қолмаганига бутун дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлди.
Ҳозирги даврда Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва умумий манфаатларга асосланган ҳамкорлик муҳити ҳукм сурмоқда. Минтақамиздаги ҳар бир давлат Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Минтақа давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва амалий қадамлари натижасида давлатлараро муносабатлар юқори даражага кўтарилмоқда. Ҳамжиҳатлик ва фаол саъй-ҳаракатлар кўп қиррали минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиб бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, минтақадаги ўзаро яқинлашувимиз ва ҳамкорликни кенгайтиришимиз – бу давр талаб қилаётган ва орқага қайтмайдиган жараён. Бу борадаги қатъий сиёсий танлов чуқур тарихий омилларга эга ва кимнингдир манфаатларига қарши қаратилган эмас.
Анжуман доирасида илмий-тадқиқот, таҳлилий марказлар ва олий ўқув юртлари вакиллари ўртасида алоҳида икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотувчи соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.09.2020
- Кўришлар: 4131
- Чоп этиш