Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар

9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Британия ўртасида вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Тадбир видеоконференция шаклида ўтказилди.

Тадбирда БМТнинг Женевадаги доимий вакили ўринбосари ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро элчи Рита Френч, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонаси вакиллари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова иштирок этди.

Анжуман давомида томонлар асосан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланганлиги муносабати билан яна бир бор қутлаб, келгусида 2021-2023 йилларда амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар ва мажбуриятлар билан таништирдилар.

Хусусан, БМТнинг Женевадаги доимий вакили ўринбосари ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро элчи Рита Френч Буюк Британиянинг барча қизлар учун 12 йиллик сифатли таълимни тарғиб қилиш ва хотин-қизларга қарши зўравонликни тўхтатиш ҳамда фикр, виждон, дин ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш, демократик қадриятларни қўллаб-қувватлаш, оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича мажбуриятлари ҳақида сўз юритди.

Анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова тадбир иштирокчиларини БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланганлиги муносабати билан Ўзбекистон томонидан ушбу жараён доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар, шунингдек Ўзбекистоннинг Кенгаш аъзоси сифатидаги ихтиёрий мажбуриятлари ва ваъдалари билан таништирди.

Тадбир доирасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда БМТнинг Женевадаги доимий вакили ўринбосари ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро элчи Рита Френч бошчилигидаги Буюк Британия делегациясининг 2021 йилда Ўзбекистонга ташрифи масалалари бўйича томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Маълумот учун: 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг навбатдаги сессиясида 15 давлат 2021 йил 1 январдан бошлаб уч йиллик муддатга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланган. Бу давлатлар сирасига Ўзбекистондан ташқари, Боливия, Хитой, Кот-де-Иуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия, Сенегал, Украина, ва Буюк Британия киради.

БМТ Бош Ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та давлат аъзо ҳисобланади. Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech