Шу йил 16 майда Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмасининг “Коронавирусга қарши чораларни қўллаб-қувватлашда ахборот агентликларининг ўрни” мавзуидаги биринчи виртуал форуми ўтказилди. Ушбу онлайн-йиғинда ИҲТга аъзо мамлакатларнинг 50 дан ортиқ миллий ахборот агентликлари қатори Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА масъуллари ҳам қатнашгани алоҳида диққатни тортади.
Чунки Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ва энг йирик халқаро ислом ташкилотидир. ИҲТ 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилган.
ИҲТ қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Дастлаб Ислом конференцияси ташкилоти (ИКТ) деб юритилган ушбу халқаро ташкилот ҳозирги номини 2011 йилда олган. ИҲТда инглиз, араб ва француз тиллари расмий иш тили ҳисобланади.
ИҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари:
- аъзо давлатлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик ришталарини уйғунлаштириш;
- ислом оламида юзага келган муаммоларни ҳал этиш;
- давлатлар ички қонунларига ҳурмат билан ёндашиш;
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш;
- ислом дини ҳақида айрим ноҳақ ва ножўя маълумотларни бартараф қилиш;
- турли соҳаларда мамлакатлардаги институтлар билан илмий изланишларни ташкил қилишдан иборат.
Бугунги кунда қарийб 2 миллиард нафар аҳолига эга 57 давлат ИҲТга аъзодир. Бу кенг миқёсдаги ҳамкорлик муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим ўрин тутиб келмоқда.
ИҲТда БМТ, Россия, Босния ва Герцеговина, Марказий Африка Республикаси кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 1995 йил октябрь ойида мазкур ташкилотга кузатувчи, 1996 йил 2 октябрдан бошлаб тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.
Ўзбекистон 2015 йил 14 декабрда ИҲТнинг янги Низомига қўшилганини таъкидлаш лозим. ИҲТ Низоми 2016 йил апрелида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган.
Ўзбекистон томони ИҲТни муқаддас динимизни тинчлик ва тараққиёт омили сифатида эътироф этадиган ислом дунёси мамлакатларининг нуфузли ва самарадор форуми сифатида эътироф этади. Шу боис мазкур Ташкилотнинг мустаҳкамланиши ва ўзаро муносабатларимиз изчил равнақ топишидан манфаатдормиз.
ИҲТ саммитлари ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиллик сессияларида мамлакатимиз расмий делегациялари мунтазам қатнашиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ИҲТ билан ҳамкорлиги фаоллашди ва ўзаро муносабатларнинг янги босқичига кўтарилди.
Бунда 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси алоҳида аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу сессиянинг очилиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қиладиган даврдаги (2016 йил октябрь ойидан – 2017 йил июль ойигача) устувор вазифаларга эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуси 43-сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга. Бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳанг. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томони илгари сурган ташаббуслар бевосита илм-фан ва маърифат ривожи билан узвий боғлиқдир.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек 2017 йил 10 сентябрда Астана шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқида ҳам илм-фан, маънавият ва маърифатни ривожлантиришга доир амалий таклифларни кун тартибига қўйди. Айни пайтда мамлакатимиз раҳбари ИҲТ юксак минбарларидан туриб эълон қилган эзгу ташаббуслар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Маълумки, 2019 йил 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги йиллик 6-семинари бўлиб ўтди. Халқаро анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўзининг йирик халқаро анжуманига айнан ёшлар ҳуқуқлари масаласини танлагани бежиз эмас. Негаки, бугунги кунда ёшлар аксарият мамлакатларда, айниқса, ИҲТга аъзо давлатларда аҳолининг катта қисмини ташкил этади. Бизнинг ушбу аҳоли қатламига нисбатан бефарқ ёндашувимиз жамиятларимиздаги барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни таҳдид остига қўйиши муқаррар.
Тошкент анжумани иштирокчилари якунловчи ҳужжат – Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларациясини қабул қилдилар. Декларацияда халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида келгусида амалга ошириладиган муҳим ташаббуслар баён этилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан ИҲТ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бунда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган ўзаро яқин муносабатлар алоҳида ўрин тутади.
Шу маънода, ЎзА вакиллари иштирок этган ИҲТ мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмасининг онлайн-форуми муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз. Мазкур виртуал-анжуман давомида Саудия Арабистони қироллиги ахборот вазири, Миллий ахборот агентликлари уюшмаси Ижроия кенгаши раиси Мажид бин Абдуллоҳ ал-Қасаби бошчилигида ўтказилган муҳокамаларда қайд этилганидек, пандемия шароитида ахборотга бўлган эҳтиёж кескин ортмоқда.
Бундай мураккаб шароитда, Мажид бин Абдуллоҳнинг фикрича, ИҲТ мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмаси аъзолари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидлангани бежиз эмас. Бинобарин, оммавий ахборот воситалари сони жуда кўп бўлса-да, бугун ахборот агентликлари мавзуни ҳаққоний ёритиши билан ажралиб турибди.
Чиндан ҳам, коронавирус пандемияси айнан ҳаққоний ахборот жамият ҳаётида қандай муҳим роль ўйнашини яна бир бор кўрсатди. Форум иштирокчилари таъбири билан айтганда, ҳар қандай қалтис вазиятда ҳам ёлғон маълумотларни фош этиш, уйдирмалар тарқалишининг олдини олиш, одамларга фойдали ва узлуксиз хабар бериш миллий ахборот агентликларининг доимий маслагига айланди.
Онлайн-форум якунида Қўшма баёнот қабул қилиниб, унда миллий ахборот агентликлари тезкор ахборот етказиш ва аҳолининг касаллик билан боғлиқ маълумотлардан хабардорлигини оширишда бундан буён ҳам фаол бўлиши алоҳида қайд этилгани диққатга лойиқдир. Бу борада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ИҲТ мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмаси агентликларга ўз дастурларини таклиф этди.
Келгусида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳам ушбу лойиҳаларда иштирок этиши кутилмоқда. Бу жуда муҳим. Негаки, ЎзАнинг профессионал журналистлари коронавирус инқирози ҳақида аниқ, ҳаққоний далилларга асосланган ахборотларни тарқатиш орқали ҳар хил ёлғон-яшиқларни фош этишда катта роль ўйнамоқда. Айни йўналишда тажриба алмашиш ва малака ошириш, албатта, фойдалидир.
Хулоса қилиб айтганда, оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг ишончини қозониши учун, биринчидан, ўз фаолиятига ўта масъулият билан ёндашиши, иккинчидан, ҳамиша ишончли ахборотга таяниши зарур. Ҳозирги инқирозни енгиб ўтишда ўзаро ҳурмат ва инсон ҳуқуқларига амал қилиш мезонлари барчамиз учун йўлчи юлдуз вазифасини ўташи лозим.
Бу, ўз навбатида, ижтимоий тармоқлардаги COVID-19 пандемияси билан боғлиқ адоватли ва зарарли баёнотларга янада қатъиятлироқ қарши туриб, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлаганидек, "Интернетни аниқ далиллар ва илмий асосланган маълумотларга тўлдириб ташлаш"ни тақозо этади. Шундагина дунё миқёсида пандемиядан ҳам хатарлироқ тус олган «дезинформация тўлқини»га бас келиш мумкин.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 20.05.2020
- Кўришлар: 6320
- Чоп этиш