Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳомийлигида “Парламентлар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари” ҳамда “Инсон ҳуқуқлари: парламент аъзолари учун қўлланма” китобларнинг ўзбек тилидаги нашрлари чоп этилди.
Ушбу қўлланмалар инглиз тилида Парламентлараро Иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси томонидан ҳамқорликда тайёрланган. Уларда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги “Кун тартиби”да баён этилган Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиниши тўғрисида маълумотлар берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозимлигини таъкидлаган эди.
Шу ўрнида давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масала – Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномага қўшилгани, мазкур йўналишда БМТнинг устав органларида Ҳукуматимиз мунтазам равишда миллий ҳисоботлар бериб келаётганига эътибор қаратар экан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламент ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш ҳам қуйи палатанинг диққат марказида бўлиши кераклигини қайд этган.
Мазкур қўлланмалар Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларига такдим қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
- Қўшилди: 19.03.2020
- Кўришлар: 4377
- Чоп этиш