Парламентлараро Иттифоқ қандай ташкилот?

Парламентлараро Иттифоқ – халқаро ташкилотлар орасида ёши энг улуғидир. 1889 йилда таъсис этилган мазкур Ташкилот ўтган даврда том маънода парламентлараро халқаро бирдамликнинг ёрқин ифодасига айланди.

Бу нуфузли Ташкилот дунё парламентларининг етакчи халқаро органи сифатида 179 мамлакатни ўзида бирлаштирган. Минтақавий парламентлараро бирлашмаларнинг 13 таси ҳам Парламентлараро Иттифоқнинг уюшган аъзолари ҳисобланади. 1971 йилдан буён бош қароргоҳи Женевада жойлашган.

Аъзо парламентлар ва уларнинг депутатлари ўртасида юксак қадриятларни илгари сурадиган ушбу Ташкилот барча миллатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантириб келмоқда. Айни вақтда тинч ва ҳамжиҳат келажакни таъминлаш учун самарали қарорлар қабул қилиш йўлида хизмат қилмоқда.

Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони ҳисобланиб, унинг доирасида муҳокама қилинган масалалар жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилади. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур Ташкилотнинг асосий вазифаларидан биридир.

Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқнинг овози дунё бўйлаб тобора баланд янграмоқда. Мазкур Ташкилот фаолияти мисолида ҳозирги замон халқаро муносабатлари мезонларининг самарадорлиги баралла кўринмоқда.

Ўтган йиллар давомида Парламентлараро Иттифоқ кўплаб халқаро ва минтақавий парламентлараро ташкилотлар юзага келиши учун намуна бўлиб хизмат қилди. Бундай ташкилотларнинг сони айни вақтда 100 тадан ошади.

Парламентлараро Иттифоқ БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро Иттифоққа БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган.

Ўзбекистон Республикаси Парламентлараро Иттифоққа 1992 йилда аъзо бўлган. Мамлакатимиз 2017 йил 13 октябрдан мазкур Ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Парламентлараро Иттифоқ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

2019 йил 17 октябрда Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз вакили Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасининг аъзоси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2020-2023 йиллар оралиғидаги муддатга ушбу юксак лавозимга сайланди.

Кейинчалик А.Саидов Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Шунингдек, Ташкилотнинг Молия бўйича кичик қўмитасига аъзо бўлди.

2020 йилда Парламентлараро Иттифоқ Олий Мажлиснинг коронавирус пандемияси давридаги фаолиятини юқори баҳолади. Бу ҳақдаги баёнот Ташкилотнинг расмий сайтига жойлаштирилди.

Парламентлараро Иттифоқнинг 2021 йили бўлиб ўтган 142-ассамблеясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Асланов Парламентлараро Иттифоқнинг Ёш парламентарийлар форуми аъзолигига қабул қилинди.

Парламентлараро Иттифоқнинг 142-ассамблеясида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қўмита расининг ўринбосари Н.Тилаволдиев Парламентлараро Иттифоқнинг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитаси аъзолигига сайланди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Баратова Парламентлараро Иттифоқнинг Барқарор тараққиёт бўйича доимий қўмитасига аъзо бўлди.

Парламентлараро Иттифоқ  Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёев илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қабул қилишга доир ташаббусини халқаро ташкилотлар раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган.

Шу кунларда Мартин Чунгонгнинг мамлакатимизга илк ташрифи давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech