Россиянинг Новосибирск клиникалари ва хусусий тиббиёт ташкилотлари вакилларидан иборат бизнес-миссияси Тошкентда бўлди
НОВОСИБИРСК, 10 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Бош консулхонаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида Тошкентга Новосибирск шаҳридаги хусусий тиббиёт ташкилотлари ва клиникалари вакилларининг бизнес-миссияси ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Ташриф доирасида бизнес-миссия аъзолари Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази, Ўзбекистон Тиббиёт туризми ассоциацияси, Тошкент тиббиёт академиясининг учинчи клиникаси, Ҳамширалар академияси, шунингдек, шаҳардаги "AKFA Medline" ва "Ezgu Niyat" каби бир қатор хусусий клиникаларда учрашувлар ўтказди.
Учрашув давомида делегация вакиллари Ўзбекистоннинг хирургия, репродуктология, гинекология, ЭКО, онкология ва кардиожарроҳлик соҳасидаги илғор технологияларини ўрганди.
Бундан ташқари, томонлар юртимизда Новосибирск клиникалари ваколатхоналарини очиш, шунингдек, Новосибирскдан келган беморларни Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида даволаниш учун юбориш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ташриф якунида бизнес миссия вакиллари Тошкентда бўлиб ўтган 17-Халқаро "UzMedExpo-2025" кўргазмасида иштирок этиб, "Чирчиқ" технопаркида бир марталик тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи Россиянинг "Здраведметтех-Азия" компаниясига ташриф буюрди.
Ўзбекча
English
Русский