«Путин Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ саммитидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлади» – Акмал Саидов

11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирокида президент Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ саммитида берган таклифлари юзасидан оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил қилинди.

 

 

“Президентимиз бу йил тўртинчи марта Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раҳбарлари саммитида маъруза билан чиқдилар. Кечаги чиқишларида 6 йўналишда ташаббуслар берилди. Иқтисодий соҳа, рақамли жамият, камбағалликка қарши кураш, пандемия даврида эпидемияларга қарши курашдаги ҳамкорлик, терроризм, экстремизм ва наркобизнесга муносабат ҳамда афғон муаммосини ҳал қилишда ШҲТнинг роли ҳақида айтилди.

Шавкат Мирзиёев БМТнинг 75-юбилей сессиясида Афғонистон Марказий Осиёнинг таркибий қисми эканлигини айтган эди. Собиқ совет даврида уни Марказий Осиёдан чиқариб қўйганмиз. Президентимиз «Марказий Осиё билан Жанубий Осиё ўртасида Афғонистоннинг кўприк вазифасини тиклаш керак»лигини айтдилар. Бу ҳам афғон муаммосини ҳал қилишда кенг ёндашувнинг яна бир бор намоён бўлишидир.

Россия президенти Владимир Путин ҳам Шавкат Мирзиёевнинг рақамли иқтисодиёт, Тоғли Қорабоғ масаласидаги ташаббусларини юз фоиз қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.

Президентимиз ташқи сиёсий фаолиятининг асосий мақсади ва устувор йўналиши бу Ўзбекистон миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда олға суришдан иборат”, – деди Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари.

Шунингдек, Акмал Саидов Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганишини маълум қилди.

Манба: kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech