Шу йил 12-13 август кунлари бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми якунида "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.
Ҳужжатда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари - ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган.
Бу омил баъзан очиқ, яъни ёшга доир қонуний чекловлар орқали, аксарият ҳолларда эса, яширинча - ёшларга нисбатан шаклланган салбий ёндашув ва муносабатлар, ақида ва одатлар оқибатида навқирон инсонлар ҳаётига ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Бундай тўсиқларни ҳисобга олган ҳолда, ёшларга, айниқса, қизлар ва аёлларга нисбатан камситишларга қарши курашиш учун аниқ бир ҳимоя воситасига эҳтиёж мавжуд.
Резолюцияда бутун дунё ёшларига уларнинг жамият ҳаётида тўла, самарали ва таъсирчан иштирокини таъминлаш учун реал имкониятлар берадиган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш юзасидан давлатларга мурожаат қилинган.
Ҳужжатда ёшларнинг тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқларини илгари суришда алоҳида ўрин тутиши, шунингдек навқирон инсонлар қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол, мазмунли ва таъсирчан иштирок этиши муҳимлиги таъкидланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчилари ўзлари қабул қилган якуний Резолюцияда ҳам Ўзбекистон Республикасининг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини қабул қилишга доир таклифини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг фикрича, бундай амалий қадам ёшларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришда муҳим ўрин тутади.
Самарқанд резолюциясида, шунингдек халқаро аҳамиятга эга тавсиялар қайд этилган. Навқирон инсонлар дуч келадиган аниқ муаммоларнинг ечимлари бўйича биргаликда иш олиб бориш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқларини Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция доирасида ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масаласи шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Самарқанд форуми якуний ҳужжатидан давлатларга бир қатор чақириқлар ўрин олган.
Шундай қилиб, "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюциясининг қабул қилиниши ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларда ёшларни янада кенг жалаб этиш зарурлигини ҳар томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланади. Халқаро анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган.
Форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди каби халқаро шериклар билан ҳамкорликда ўтказилди.
Самарқанд форуми ишида БМТ ва унинг агентликлари, хусусан, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, ЮНИСЕФ, БМТ Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, шунингдек Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиё Парламент Ассамблеяси, Африка иттифоқи, ШҲТ, МДҲ каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳамда юқори даражадаги вакиллари иштирок этди.
Форумда дипломатик корпус, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, шунингдек мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 30 дан зиёд ёшлар ташкилоти вакиллари ва ўқувчи-талабалар ҳам қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.08.2020
- Кўришлар: 3987
- Чоп этиш