Сенат ялпи мажлиси арафасида: қонун ижодкорлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси

Яна бир неча кундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи  ялпи мажлиси бошланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 11 июнь куни  бўлиб ўтган мажлисида Сенат ялпи мажлисини жорий йил 19 июнь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар тарқатди senat.uz сайти. 

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.  Хусусан, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги, “Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласига киради.

Бундан ташқари, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар сенаторлар томонидан муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Сенатда муҳокама қилинадиган барча муҳим масалалар қатори кўриб чиқиладиган янги қонунларга ҳам уларнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга нечоғлик хизмат қилиши нуқтаи назаридан қатъий ёндашилади. Бу ҳақда сўз борганда, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни мисол сифатида келтириш мумкин.

Парламент манбаларининг қайд этишича, Испания, Жанубий Корея, Туркия, Франция, Эстония, Япония, Беларусь, шунингдек қўшниларимиз Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон давлатларининг тажрибасини батафсил ўрганиш асносида Жиноят-ижроия кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича замон талабига мос қонун ишлаб чиқилган. Унда жазо муддатини ўташ давомида маҳкумлар шахсий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ чоралар кенгайтирилмоқда.

Жумладан, янги норма билан озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда, у ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги ариза ё хабар билан жазони ижро этиш муассасаси ёки органининг ҳар қандай ходимига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Маҳкумнинг аризаси ё хабари олиниши ҳамон зудлик билан шахсий хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилиши шарт.

Янги қонунда маҳкумлар ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтириш мақсадида вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларидаги амалдаги чекловлар бекор қилинмоқда. Маҳкумалар билан вояга етмаган фарзандлари учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда.

Мухтасар айтганда, мазкур қонун маҳкумлар ҳуқуқлари ва эркинликларини кенгайтириш, қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилишга қаратилган. Қонун жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш, унинг жамиятга ижтимоий мослашувини амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қонун Парламент юқори палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан вилоятларда ўтказилган сайёр йиғилишларда Олий Мажлис депутатлари, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирокида атрофлича  муҳокама қилинган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech