Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қатъий қадам қўйганини англатадиган жадал ислоҳотларнинг пировард мақсади том маънода инсон, унинг хуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг юксак қадрият сифатида тан олинадиган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуришдир.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Янги Ўзбекистонни буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган, меҳнаткаш, азму шижоатли, адолатни қадрлайдиган халқимиз билан биргаликда барпо этамиз ҳамда ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз зарур”, деб таъкидлагани мақсадимиз қатъийлигига яна бир далолат. “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётгани ана шу серқирра жараённинг мазмун-моҳиятини англатади.
Эътибор берайлик, ушбу ғоялар давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-гуманитар соҳаларда, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ташқи сиёсат борасида охирги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли, тизимли, бир-бирини тўлдирувчи ва тақозо этувчи демократик ислоҳотлар ва туб ўзгаришларни ўзаро боғлаб туради.
Янгиланаётган Ўзбекистонда фуқаролик жамияти деганда шахснинг ўзини ўзи ривожлантиришга ва инсон капитали ошишига хизмат қиладиган, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари максимал даражада рўёбга чиқишига кўмаклашадиган, қонун устуворлиги ва адолат мезонлари тантана қилган ижтимоий макон тушунилади.
Халқаро ҳамжамият учун очиқ, барқарор ривожланаётган Ўзбекистоннинг энг муҳим парадигмалари, устувор тамойиллари ва амалий ҳаёт мезонлари давлатимиз раҳбари белгилаб бераётган вазифаларда ўз аксини топмоқда. Бу жиҳатдан янги Ўзбекистонни барпо этишда қуйидаги омиллар устувор аҳамият касб этмоқда:
биринчидан, ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, эҳтиёжлари ва манфаатларига қаратилгани. Энг муҳими, бутун халқимиз ва давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамияти, ҳаётнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган олижаноб мақсадларга эришиш ғоялари атрофида жипслашаётгани;
иккинчидан, жамият қурилиши ва давлат бошқаруви тубдан ўзгариб, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойилига амал қилинаётганлиги;
учинчидан, қонун ва адолат устуворлиги тамойилларини ҳаётга қатъий татбиқ этиш, коррупцияга қарши курашиш тизими самарали фаолият кўрсатаётган давлатлар қаторига киришга интилиш, адолатли қонун ва қарорлар қабул қилиш, аҳолининг адолатли судловга ишончини ошириш ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмига айланаётгани;
тўртинчидан, жадал янгиланишдан жамият тараққиёти ва гуллаб-яшнаши томон, “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, монополиянинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслик ва рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, шахсий мулкни ҳурмат қилиш каби тамойиллар ҳаётга татбиқ этилаётгани;
бешинчидан, эркинлик, масъулият, ҳалоллик, адолат, бағрикенглик ва имкониятлар тенглиги давлат ва жамият ривожида дастуриламал бўлаётгани, шахс, жамият ва давлат манфаатлари уйғунлигига таянадиган адолатли фуқаролик жамияти барпо этилаётгани, конституциявий парламент демократияси, эркин бозор иқтисодиётининг мамлакатимиз ва халқимиз равнақи асосига айланаётгани;
олтинчидан, ривожланган давлатлар “тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатимизнинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, “билимлар иқтисодиёти”, “рақамли иқтисодиёт”, “эркин ахборот жамияти” ҳамда инсонпарвар ахборот майдони шакллантирилаётгани;
еттинчидан, юқори фуқаролик масъулияти, замонавий дунёқарашга эга бўлган ва ҳозирда янги Ўзбекистонни барпо этаётганларнинг навқирон авлоди, баркамол ёшлар учун муносиб ҳаёт шароитлари, инновацион таълим ва умуминсоний тамойилларга асосланадиган миллий тарбия муҳити ва унинг самарали тизими яратилаётгани.
Мамлакатимизнинг янги қиёфаси ана шундай омиллар ва серқирра ислоҳотлар жараёнида барпо этилмоқда. Бунинг натижасида халқимиз ва мамлакатимизнинг замонавий қиёфаси шаклланмоқда.
Айни пайтда буларнинг барчаси янги жамиятни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги, бу йўлдан қатъият ва собитқадамлик билан борилаётганини англатади. Янги Ўзбекистон Президентимизнинг ҳаётбахш ғоялари асосида, халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига барпо этилмоқда.
Шубҳасиз, Мурожаатномада ушбу йўналишда белгиланган устувор вазифаларни бажариш учун аҳолининг кенг қатламларини фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, демократик институтлар фаолияти самарадорлигини таъминлаш орқалигина ҳал қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам сўнгги пайтларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг барча соҳаларда ўзгаришларни амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича муҳим чоралар кўрилмоқда.
Аввало, улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда. Чунончи, қисқа вақт ичида ННТлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 210 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.
Булар, хусусан, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги ва «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонунлардир.
Фуқаролик институтлари фаолиятининг институционал асосларини мустаҳкамлаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қошидаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат кенгашлари тузилди.
Ногиронлар, аёллар ва оилалар, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармалари ташкил этилди, кўплаб жамоат ташкилотлари фаолияти тубдан яхшиланди. Ушбу институтлар барча даражадаги давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тизимли ва самарали мулоқот ўрнатиш, мамлакатни жадал ва ҳар томонлама барқарор ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилиниши жамоат бирлашмаларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда тутган ўрнини сезиларли даражада кучайтирди. Илк бор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 11 мингга яқин вакили сайловда кузатувчи сифатида иштирок этди. Сайловдаги демократия, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга кўнгиллилар, шунингдек, хотин-қизлар қўмиталари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат бирлашмалари вакиллари катта ҳисса қўшдилар.
Парламент ва жамоат назорати, ижтимоий шериклик ва фуқаролик жамияти ривожланишини мониторинг қилиш механизмлари мустаҳкамланди. Бу борада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳуқуқларига зулм қилишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода, Мурожаатномадаги жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш таклифи асл ҳаёт ҳақиқатини, бугунги давр талабини акс эттиради.
Айни пайтда бу БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, мазкур масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозимлигини англатади.
Самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишда, жамоатчилик фикрини шакллантиришда ва аҳолининг фуқаролик позициясини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари ва “фуқаролар журналистлари” ҳиссаси бебаҳодир. Умуман олганда, сўз эркинлигини таъминлаш, фуқаролик институтлари, ННТлар ролини ривожлантириш ва кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар жамият ҳаётида туб ўзгаришларни амалга оширди.
Фақатгина 2019 йилнинг ўзида ННТлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-гуманитар соҳаларда давлат дастурларини амалга оширишда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати устидан 700 марта жамоатчилик мониторингини ўтказди. Уларнинг натижалари бўйича ҳокимият вакиллик органларида оммавий эшитувлар бўлиб ўтди.
Бугунги кунда ННТлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатнинг бажарилишини мониторинг қилишда, шунингдек, парламентдаги ва бошқа давлат идораларидаги турли ишчи гуруҳлар фаолиятида қатнашмоқда.
Мурожаатномада миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришдан мақсад фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозимлиги алоҳида қайд этилди. Бу, албатта, қонун ҳужжатлари аҳолининг кенг қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида атрофлича муҳокама қилингандан кейин қабул қилиниши кераклигидан ҳам далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда 1,3 минг ННТ вакиллари иштирокида “Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йилида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давлат дастури” доирасида ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 60 дан ортиқ жамоатчилик ва экспертлар муҳокамаси ташкиллаштирилди.
Бу жараённи янги Ўзбекистоннинг янги парламенти фаолиятида сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш назарда тутилган.
Юқорида қайд этилган чоралар фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг институтлари роли ва аҳамиятини кучайтириш масалалари жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишида, халқ фаровонлигини оширишда муҳим омиллар эканини яна бир бор кўрсатмоқда.
Президентимиз Мурожаатномасида ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантириш, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини такомиллаштириш борасидаги вазифалар ҳам белгилаб берилганлиги алоҳида диққатга сазовордир.
Мухтасар айтганда, амалий натижа билан мустаҳкамланган, баракали самара бераётган ислоҳотлар одамларнинг қалбига, шуурига кириб бормоқда. Бу эзгу ният билан бошланган ислоҳотлар шиддатини ҳеч ким, ҳеч қандай куч тўхтата олмайди. Энг муҳими, ислоҳотлар самарасини ҳар бир фуқаро, оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиб турибди.
Маъруф УСМОНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси
- Қўшилди: 10.02.2020
- Кўришлар: 5194
- Чоп этиш