Судлар томонидан БМТ конвенциялари нормаларининг қўлланилиши: назария ва амалиёт

7 декабрь куни Урганч шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан БМТ конвенцияларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги нормалари қўлланилиши” мавзуида амалий семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон хуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бошқарма бошлиғи С.Алимардонов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи О.Аҳмадов семинар иштирокчиларини қутлади.

Иштирокчилар судлар томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларининг қўлланилиши одил судловни таъминлашда муҳим масала ҳисобланишини таъкидланди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Октябрь ойида Ўзбекистон тарихда илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йиллар учун аъзо этиб сайланди. Мазкур Кенгашга аъзо бўлиш учун Ўзбекистон ўз зиммасига олган ихтиёрий мажбуриятлар орасида одил судлов тизимини такомиллаштириш масаласи ҳам бор.

Ҳозирги кунда мамлакат судлари томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларининг қўлланилиши бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда, дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби, судьялар инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафилидир. Улар фуқаролар олдида ҳисобдор бўлиб, тегишли миллий ва халқаро қонунчилик талаблари, шунингдек ахлоқ-адоб мезонлари асосида ўз фаолиятида юксак даражадаги шаффофликни таъминлашга мажбур.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони талабларига кўра, суд инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларининг судлар амалиётида қўлланилишини янада кенгайтиришга қаратилган барча зарур чораларни кўриши лозим.

Сўзга чиққанлар миллий судлар томонидан БМТ конвенциялари нормаларини суд ҳужжатларида қўллашга доир самарали механизмнинг жорий этилиши, ўз навбатида, суд тизими мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимияти нуфузини оширишга хизмат қилади, деган фикрларни билдирдилар.

Семинар давомида индивидуал мурожатлар билан иш олиб бориш амалиёти ҳам кўриб чиқилди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига келиб тушган мурожатларни қайта кўриб чиқиш тажрибаси муҳокама қилинди.

Мамлакат судлари томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларини қўллаш зарурати ҳақида атрофлича фикр юритилди. Хусусан, Қийноқларга қарши конвенция қоидаларини миллий судлар қарорларида қўллаш бўйича чет эл тажрибаси таҳлил этилди.

Судлар томонидан Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция нормаларини қўллаш амалиётига доир муҳим далиллар ҳам семинар иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech