Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими бошлиғи Абдулҳай Мўминов 2020 йил 17 август куни 52 ёшида бевақт вафот этди.
Абдулҳай Рашидовични нафақат бағрикенг ва интизомли раҳбар, таниқли олим, меҳрибон педагог, балки очиқкўнгил ва жуда самимий инсон сифатида ҳам доим ёдимизда сақлаймиз. У кишининг юксак одамийлик фазилатлари барчага ўрнак эди.
Абдулҳай Мўминов 1997 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги таҳсилини тугатгач, 22 йил давомида ўзининг қадрдон Дорилфунунига садоқат билан хизмат қилди. Бу ерда у ЮНЕСКОнинг “Инсон ҳуқуқлари, тинчлик, демократия, бағрикенглик ва халқаро тушуниш” кафедраси ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, кафедра мудири, шунингдек ЮНЕСКОнинг “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси мудири лавозимларида фидойилик кўрсатиб ишлади.
Абдулҳай Мўминов билан Марказ жамоаси ўртасида кўп йиллик илмий, амалий ва дўстона ҳамкорлик муносабатлари шаклланганди. У 2005 йили "Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО билан ҳамкорлигининг халқаро-ҳуқуқий масалалари" мавзуида юридик фанлар номзоди илмий даражаси учун ёзган диссертациясини муваффақият билан ёқлади. Доцент илмий унвонига эга эди.
Абдулҳай Мўминов "Инсон ҳуқуқлари", "Бола ҳуқуқлари" дарсликлари, 100 дан ортик илмий монография, мақолалар ва ўқув қўлланмалар муаллифи ҳисобланади.
Абдулҳай Мўминов 2019 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи лавозимига тайинланганди. Қисқа вақт ичида ўзи бевосита раҳбари бўлган бўлим ходимларининг, умуман, Марказ жамоасининг ҳурмат-эътиборини қозониб улгурганди.
Юртимизнинг умидли ҳуқуқшунос олими, жамоамизнинг қадрли аъзоси – Абдулҳай Рашидовичнинг ёрқин хотирасини ҳар доим қалбимизда сақлаймиз.
Ҳамкасбимизнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр тилаймиз. Марҳумни Аллоҳ ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази жамоаси
- Қўшилди: 17.08.2020
- Кўришлар: 4178
- Чоп этиш