Исломободда Ўзбекистон Президентининг ислоҳотлар йўналишига бағишланган китоб тақдимоти ўтказилди
ИСЛОМОБОД, 10 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси Исломобод Стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда покистонлик етакчи эксперт, "Жанубий Осиё тадқиқотлари ва халқаро муносабатлар" таҳлил маркази ижрочи директори Меҳмуд ул-Ҳасан Ханнинг "Шавкат Мирзиёев: ислоҳотлар ва минтақавий интеграциянинг буюк етакчиси" номли китобининг тақдимот маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Маросимнинг асосий меҳмони Покистон миллий мерос ва маданият вазири Аврангзеб Хон Кҳичи бўлди. Тадбирда вазирлик ва идора раҳбарлари, парламент аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, бизнес ва илм-фан соҳалари мутахассислари, ОАВ ҳамда Исломобод ва унинг атрофида яшовчи ватандошлар иштирок этди. Тақдимот икки давлат мадҳияларини куйлаш ва Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди.
Тақдимотни Исломобод Стратегик тадқиқотлар институти директори Соҳаид Маҳмуд очиб берди. У ўз нутқида ушбу академик маросим институт биносида ташкил этилганидан мамнун эканлигини, бу борган сари динамик тус олаётган икки томонлама жадал ҳамкорлик руҳига мос келишини қайд этди.
Шундан сўнг китоб ва унинг аҳамиятига тўхталиб, 39 та бир-бирини мазмунан тўлдирувчи ва изчил мантиқий кетма-кетликда жойлаштирилган мавзулардаги таҳлилий материаллар Ўзбекистонда сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, модернизация жараёнлари, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг моҳияти очиб берилганини таъкидлади.
"2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, "Ўзбекистон-2030" стратегияси ва тараққиётга оид бошқа концептуал ҳужжатларда Ўзбекистон халқининг эртанги кунга бўлган хоҳиш-иродаси, Ҳукуматнинг мамлакатни ривожлантиришга оид муҳим ташаббуслари, ижтимоий давлатни барпо этиш тамойиллари қамраб олинган. Мазкур китобда ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти батафсил ёритиб берилган", – деди Соҳаид Маҳмуд.
Шундан сўнг, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев нутқ сўзлади. Дипломатик миссия раҳбари қисқа вақт ичида Исломободда Ўзбекистон ҳақида икки муҳим китоблар – Муҳаммад Аббос Ханнинг "Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – келажак концепти" ("Uzbekistan: The Third Renaissance – The Concept of the Future") ҳамда Меҳмуд ул-Ҳасан Ханнинг "Шавкат Мирзиёев: ислоҳотлар ва минтақавий интеграциянинг буюк етакчиси" ("Shavkat Mirziyoyev: Great Leader of Reforms and Regional Integration") номли асарлари кенг жамоатчиликка тақдим этилаётгани Покистон илмий-академик доира вакиллари орасида мамлакатимизга бўлган қизиқишнинг ортаётганидан далолат бериши таъкидланди.
Шунингдек, Меҳмуд ул-Ҳасаннинг ушбу китобида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни, макроиқтисодий ўзгаришлар, молиявий либераллашув, камбағалликни қисқартириш, ташқи сиёсат, маданий дипломатия ва минтақавий интеграция каби масалалар батафсил кўриб чиқилгани қайд этилди.
Ўзбекистон Президентининг "ислоҳотлар статистика учун эмас, инсон қадри, шаъни ва келажаги учун" экани ҳақидаги тамойилига таянган ҳолда юртимизда "Янги Ўзбекистон" ғоясини ҳаётга тадбиқ этиш амалий стратегияга айлангани, рақамли иқтисодиёт, "яшил" энергетика, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш борасидаги ютуқлар китобда чуқур таҳлил этилганига урғу берилди.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Шаҳбоз Шариф шафелигида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани, томонлар Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик лойиҳалар, жумладан Трансафғон темир йўлини қуриш устида изчил ҳамкорлик қилаётгани, ўзаро савдони 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича қўшма чоралар ишлаб чиқилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазири Аврангзеб Хон Кҳичи ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини, жамият ҳаётини янгилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий йўналтирилган сиёсатни янада мустаҳкамлашни "тараққиётнинг ўзбек модели" деб атади.
"Ўзбекистонга ташрифим чоғида ислоҳотлар жараёнининг натижасини, ижобий ютуқларни бевосита гувоҳи бўлдим. Биз глобал дунёда яшаяпмиз. Албатта, қўшни минтақада, хусусан, Ўзбекистондаги ижобий воқелик бизда ҳам ўз аксини топади. Ўзаро савдони босқичма-босқич ошириш, тизимли қўшма лойиҳалар воситасида эса бир-биримизга янада яқинлашамиз. Покистон ҳукумати мазкур жараёнда Ўзбекистон Президентининг ташаббусларини юксак қадрлайди", – деди вазир.
Китоб муаллифи Меҳмуд ул-Ҳасан ўз навбатида мазкур асарни ёзишдан асосий мақсад Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёритиш, уларнинг минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларига таъсирини илмий таҳлил қилиш, Покистон жамоатчилигининг ушбу жараён тўғрисидаги хабардорлигини ошириш эканини таъкидлади.
Шу билан бирга Ўзбекистондаги ислоҳотлар марказида инсон ва унинг қадри туришини эътироф этиб, иқтисодий либераллаштириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, камбағалликни қисқартириш, бизнес муҳитини яхшилаш ва инвестициялар жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида Ўзбекистон қисқа вақт ичида жадал ривожланиш ва модернизация жараёнларига қадам қўйганини қайд этди.
Муаллиф, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган ташқи сиёсати очиқлик, яхши қўшничилик ва конструктив мулоқотга асосланганини таъкидлаб, Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик, адолат ва яхши қўшничилик майдонига айлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини айтиб ўтди.
"Ўзбекистон етакчисининг Трансафғон темир йўлини қуриш ва энергетика лойиҳалари борасидаги ташаббуслари эса Марказий ва Жанубий Осиёни қайта боғловчи стратегик интеграцион платформани вужудга келтирди. Улар, шунингдек, минтақалараро транспорт-логистика ва иқтисодий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда", – деди муаллиф.
Сўз якунида доктор Меҳмуд ул-Ҳасан Хан Президент Шавкат Мирзиёевни мамлакат ичида ислоҳотлар жараёнини бошқараётган ва минтақада интеграция ғоясини илгари суриб, амалга татбиқ этаётган замонавий раҳбар сифатида баҳолади. У китоб Ўзбекистоннинг илғор тажрибасини ёритиш билан бирга, икки халқ ўртасида дўстлик ва ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан Жанубий Осиё тадқиқотлари ва халқаро муносабатлар таҳлил маркази президенти Саид Амир Халид Жаффри сўнгги пайтларда Покистонда Ўзбекистонга бағишланган тадбирлар сони ортганини, бу икки томонлама муносабатларда янги босқич бошланганидан, ўзаро қизиқиш ортганидан дарак беришига эътибор қаратди.
"2016 йилда ярим ёпиқ, минтақавий интеграция жараёнларида кам иштирок этувчи давлат бошқарувига келган Президент Шавкат Мирзиёев ўз ташқи сиёсатининг дастлабки босқичида Марказий Осиёдаги давлатлараро муносабатларда ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шундан сўнг, Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқликни қайта тиклаш борасида қатъий ирода кўрсатди. Мамлакат ичида эса ижтимоий йўналтирилган иқтисодий ислоҳотларга асосий эътибор қаратилиб, рақобатбардош ва замонавий талаблар даражасида модернизация қилинган миллий тараққиёт тизими шакллантирилди. Президентнинг ёшларга оид янгича сиёсати натижасида мамлакат ёшлари жаҳон миқёсида илмий-академик, фан, маданият, спорт, санъат, замонавий технологиялар ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Сўз ва ОАВ эркинлиги борасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда", – деди Саид Амир Халид Жаффри.
У, шунингдек, изчил илгари сурилаётган халқаро интеграцион ташаббуслар Ўзбекистонни "минтақавий ҳамкорлик хаби"га айлантириб, мамлакатга хорижий инвестициялар оқимининг ошишига замин яратганини таъкидлади.
"Эришилаётган улкан натижалар ортида Ўзбекистон Президентининг давлат бошқарувидаги узоқ йиллик тажрибаси, жумладан, 2 та вилоятга ҳокимлик, 13 йил ҳукуматга бошчилик қилиш мобайнида олиб борилган чуқур кузатишлар, мамлакат муаммоларини ич-ичидан яхши англаш ва ҳис қилиш қобилияти ётади", – дея таъкидлади таҳлил маркази президенти сўзи якунида.
Баҳрия университети факультет декани Адам Сауд ўз нутқида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳақида фикр билдириш доимо катта масъулият эканлигини қайд этди.
"Ҳар сафар Ўзбекистонга борганимда улкан ўзгаришларга гувоҳ бўламан. Бу қувонарли, албатта. 2017 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар асосида яқин истиқболда эришиладиган натижалар тўғрисида прогноз-мақола ёзганман. Бугунга келиб ушбу мақолада келтирилган прогнозларнинг 85 фоизи амалга ошди. Қолган қисми бўйича ишлар фаол давом этмоқда", – деди А.Сауд.
Қозоғистоннинг Исломободдаги элчиси Ержан Кистафин ўз чиқишида, Марказий Осиёни тинч ва фаровон ҳудудга айлантириш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолаётганини таъкидлади.
"Марказий Осиёда 2016 йилгача бўлган ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида дипломатия йўли билан ҳал қилинди. Унинг ташаббуслари ўлароқ, бугун янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланган, минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва иқтисодий интеграция кучайди. Қувонарлиси, бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти самарали ислоҳотлар натижаси ўлароқ, барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулот ҳажми кескин ошди, амалга оширилаётган ислоҳотлар Республикани нафақат минтақада, балки халқаро ҳамжамият ўртасида ҳам мавқеини кўтарди. Бинобарин, бугун тақдимоти ўтказилган китобдан ўрин олган муҳим маълумотлар ва эришилган натижалар ҳақидаги фикрлар, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё мамлакатлари учун фахр ҳисобланади", – дея таъкидлади Қозоғистон элчиси.
Туркиянинг Покистондаги элчиси Ирфан Назироглу Ўзбекистон туркий дунёнинг муҳим ва ажралмас қисми эканини қайд этди ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти саммитларидаги ҳар бир иштироки ва маърузалари тузилма фаолиятида кучли туртки берганига тўхталди.
"Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши томонидан Президент Шавкат Мирзиёев туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – "Туркий дунёнинг олий ордени" билан тақдирлангани бежиз эмас. Президент Шавкат Мирзиёев туркий бирликнинг асосий устунлари – транспорт ва логистика, энергетика алоқаси, ёшлар ва гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, инновацион шериклик соҳаларида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Мазкур муҳим ташаббуслар Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида нафақат фаол иштирокчи, балки интеграциянинг интеллектуал "драйвер" бўлишга интилаётганини тасдиқлайди. Покистонда ўтказилаётган "Шавкат Мирзиёев: ислоҳотлар ва минтақавий интеграциянинг буюк етакчиси" номли китоб тақдимоти эса Ўзбекистон етакчисининг Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларининг нечоғли ўринли эканлигидан далолатдир", – деди у.
Ўзбекча
English
Русский