30 ноябрь куни Тошкент Давлат юридик университетида шу мавзуда ўзбек-япон юридик форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган ушбу анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Тошкент Давлат юридик университети томонидан ташкил этилди.
Форумда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма, Адлия вазири ўринбосари Раҳим Ҳакимов, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, ўзбек ва япон ҳуқуқшунослари ҳамда талабалар иштирок этди.
Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда, жумладан таълим тизимида ҳам ривожланиб бормоқда, – деди юридик форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма. – Ушбу форум ҳам бунинг ёрқин далилидир. Икки давлат Конституцияларининг умумий ва ўзига хос хусусиятларини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш келгусида ўзининг ижобий самарасини беришига ишонаман.
Анжуманда Ўзбекистон ва Япония Конституцияларининг мазмун-моҳияти ва ривожланиш тенденциялари муҳокама қилинди. Ҳар икки мамлакатда Асосий Қонуннинг нуфузи ва ҳурмати жуда юқори экани эътироф этилди. Ўзбекистонда ҳам, Японияда ҳам Конституция куни миллий байрам сифатида нишонланади. Иккала мамлакат фуқаролари учун ҳам Конституция ва қонунларга ҳурмат миллий ғурур ва ватанпарварлик тимсолидир.
Япония Конституцияси 1947 йилда қабул қилинган ва дунёдаги энг барқарор Конституциялардан биридир. Мураккаб тарихий даврларни бошдан кечирган япон халқи ўз маънавий анъаналарини, жумладан, конституциявий норма ва ғояларни юксак қадрлайди. Япония Конституциясининг барқарорлиги унинг мазмуни тўлиқлиги, сўзлари аниқлиги ва конституциявий нормаларнинг моҳирона тузилиши каби афзалликлари билан изоҳланади.
Ўзбек ҳуқуқшуносларининг маърузаларида Япония Конституциясига ҳурмат ва эҳтиром, ўз навбатида, япон олимларининг чиқишларида Ўзбекистон Конституциясига нисбатан самимий муносабат яққол сезилиб турди. Ўзаро фикр, ғоя ва илмий тушунчалар алмашинуви нафақат ҳуқуқшунос олимлар, балки талаба-ёшлар учун ҳам қизиқарли ва фойдали бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.11.2019
- Кўришлар: 5617
- Чоп этиш