Уч кунлик тренинг: "Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш"

21 декабрдан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Қўшма лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Бош прокуратура Академияси ва Адвокатлар палатаси вакилларини учун «Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш»  мавзуида навбатдаги уч кунлик тренинг бошланди.

Тренинг машғулотлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан Халқаро инсон ҳуқуқлари куни нишонланиши муносабати билан эълон қилинган "Инсон ҳуқуқлари ойлиги" доирасида  ташкил этилмоқда. Тадбир ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳисоблпнади.

Тренингдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Бош прокуратура Академияси ва Адвокатлар палатаси вакилларини Истанбул протоколининг асосий қоидалари ҳамда қийноқларни тергов қилиш, ҳужжатлаштириш ва судга бериш жараёни билан таништиришдан иборат.

Тренинг давомида иштирокчилар қуйидаги масалаларни муҳокама қилмоқдалар:

- "Жабр қилма" тамойилининг мажбуриятлари;

- тергов, ҳужжатларни расмийлаштириш ва қийноқларни таъқиб қилиш соҳасидаги давлатларнинг мажбуриятлари;

- Истанбул протоколининг асосий қоидалари ва тамойиллари;

- Истанбул протоколини кундалик ишда қўллаш;

- қийноқларни ҳужжатлаштиришда ўзаро ҳамкорлик қилиш;

- қийноқдан омон қолган одам билан алоқа қилиш қобилияти.

Тренинг давомида иштирокчилар тиббий-ҳуқуқий ҳужжатлар, қийноқ турлари ва уларнинг соғлиқ учун оқибатлари, Инсон хуқуқлари бўйича Европа суди ва БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси фаолияти билан танишадилар.

Махсус таклиф этилган халқаро экспертлар қийноқларни тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш, Истанбул протоколи бўйича қийноқларни тергов қилишнинг халқаро стандартлари, қийноқларни тергов қилишда мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлиги, қийноқларнинг жисмоний ва психологик далиллари тўғрисида атрофлича маълумот бермоқда.

Тренинг очилиши доирасида «Қийноқларни ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазони самарали тергов қилиш ва ҳужжатлаштириш  (Инстанбул  протоколи)» қўлланмаси ўзбек тилидаги нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тренинг иштирокчилари қийноқларнинг олдини олиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Халқаро ҳамкорлик бўлими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech