18 декабрь куни “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модулининг навбатдаги ўқув машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим ва бўлинмалари, ҳудудий бошқармалари ҳамда Бош прокуратура Академияси раҳбар ходимлари иштирок этди.
Вебинар шаклидаги машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария олиб борган машғулот қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги халқаро стандартлар таҳлилига бағишланди. Шунингдек, Бош прокуратура тизими раҳбар шахсларининг ушбу илғор андозалардан ҳуқуқни қўллаш фаолиятида фойдаланишга доир билимлари ва кўникмаларини оширишга эътибор қаратилди.
Машғулотлар давомида қайд этилганидек, БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясида "қийноқлар" тушунчасига таъриф берилган. Шунингдек, давлатларнинг қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ва уларнинг олдини олиш борасидаги мажбуриятлари баён этилган. БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича қўмитаси давлатлар томонидан ана шу талабларга риоя этилишини назорат қилади.
Мамлакатимизда Жиноят кодексини янгидан қабул қилиш бўйича ишлар бормоқда. Шу муносабат билан қийноққа доир халқаро-ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка уйғунлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тингловчилар томонидан вебинар қизиқарли ва фойдали услубда ташкил қилингани эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.12.2020
- Кўришлар: 3756
- Чоп этиш