Махсус ўқув модули: Давлат божхона қўмитаси тизими раҳбарлари учун вебинар

26 ноябрь куни  “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модулининг вебинар шаклида ўтказилган машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизими раҳбарлари иштирок этди.

Махсус ўқув модули доирасидаги навбатдаги машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилди.

Халқаро экспертлар ўқув модули машғулотлари доирасида тингловчиларнинг:

– инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти ва мамлакат миллий ҳуқуқий тизими учун аҳамияти;

– инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий қилишнинг амалий муаммолари ва истиқболлари;

– халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

 – БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил этиш ва бартараф қилиш;

– ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини, жумладан, қийноқ ва ноинсоний муомала ва жазо турлари қўлланишининг олдини олиш ҳамда бартараф этишга оид халқаро стандартлар, шунингдек миллий қонунчилик бўйича билим ва кўникмаларни ошириш;

– ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришдаги фаоллигини кучайтириш;

– Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларига риоя қилиш бўйича ходимларнинг масъуллигини ошириш бўйича кўникмаларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech