Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида халқаро тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия комиссияси ўртасидаги ўзаро англашув меморандумини имзолаш МАРОСИМИ

2020 йил 10 декабрь куни Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида халқаро тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия комиссияси ўртасидаги ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Комиссия 1999 йилда қабул қилинган Малайзиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси тўғрисидаги Қонунига биноан ташкил этилган.

Комиссиянинг асосий ваколати Малайзия ҳукуматига қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилишида маслаҳат ва ёрдам бериш, шунингдек зарур чоралар кўриш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилиш ва ратификация қилиш бўйича тавсиялар бериш ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорликни ошириш ва таълим беришни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ушбу меморандум Ўзбекистон Республикаси Президентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси тўғрисидаги 6012-сонли Фармони ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги 4056-сонли Қарори ижросини таъминлаш, шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида тузилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Иносн ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия комиссияси раиси Тан Шри Осман бин Хошим, Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усманов, Малайзиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хенди Ассан иштирок этдилар.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идоралари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари қатнашдилар.

Ушбу меморандум инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенциялар ва битимлар бўйича давлат мажбуриятларига риоя этишга кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ахборот ва адабиётлар алмашиш, уларни ҳимоя қилиш шакллари ва усуллари бўйича ўзаро тажриба алмашишга қаратилган.

Меморандумнинг асосий йўналишларидан бири - маҳаллий, миллий ва халқаро даражада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида қўшма амалий ва илмий-тадқиқот ишлари, ахборот-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, тренинглар ташкил этиш ҳамда томонларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш соҳасида тажриба, ахборот ва таҳлилий материаллар алмашишдир.

Анжуман давомида замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга риоя этиш масалалари бўйича мунтазам икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Томонлар ушбу Меморандум доирасида ва ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида тенглик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

2020 йил 10 декабрь

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech