Халқаро миграция ташкилоти баҳолаш жамоасининг ташрифи

3 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига халқаро эксперт М.Никольз бошчилигидаги Халқаро миграция ташкилотининг баҳолаш жамоаси ташриф буюрди.

Маълумки, мамлакатимизда Халқаро миграция ташкилоти томонидан АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) кўмагида “Марказий Осиёда одам савдосига қарши курашиш” минтақавий лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур ташрифдан мақсад ана шу лойиҳа якунларини баҳолашдан иборатдир. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш ва хавфсиз миграцияни таъминлаш борасида фаолиятнинг асосий натижаларини аниқлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2016-2020 йилларда Халқаро миграция ташкилоти USAID билан ҳамкорликда Ўзбекистонда айни йўналишда амалга оширган фаолиятини баҳолаш асосида янги лойиҳалар учун тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ташриф давомида меҳмонлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиқлари Абдулҳай Мўминов ва Ойбек Аҳмадов билан учрашдилар. Ўзаро мулоқотларда одам савдосига қарши курашиш ҳамда миграция соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритилди.

Бу борадаги қонунчилик ва амалиёт масалалари, хусусан, Марказ томонидан Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ва хавфсиз миграцияни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига эътибор қаратилди.

Жумладан, одам савдосига қарши курашиш ва хавфсиз миграция соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, одам савдосига қарши курашиш ва хавфсиз миграцияни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасидаги фаолият натижалари алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари ҳамда ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech