Ҳар йили 25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунидан 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига қадар дунё бўйлаб “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик” глобал кампанияси ўтказилади.
Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда БМТ тузилмалари ҳамкорлигида ушбу глобал кампанияга расмий старт бериш маросими бўлиб ўтди.
БМТ ташаббуси билан бу йилги кампания “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши бирлашайлик: жабрланганлар учун адолат ва ҳимояни, зўравонлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлайлик!” шиори остида ташкил этилмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Президентимиз раҳбарлигида аёлларнинг таълим олиши, муносиб меҳнат қилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, жамият ҳаёти ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани қайд этилди.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида қонунлар қабул қилингани ва механизмлар жорий этилгани, жумладан, оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилангани, жабрланганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилгани таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар асосий эътиборни зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқбузарларнинг жавобгарлигини таъминлаш масалаларига қаратди.
“Адолатни таъминлаш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва зўравонлик учун жазосизликка барҳам бериш” мавзусида панел муҳокама ўтказилди. Унда зўравонликнинг олдини олиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ва масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Глобал кампания доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари ва ўқув семинарлари ташкил этилади.
Ижтимоий видеороликлар, интервьюлар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар орқали аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
