«Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун»: кўкрак нишони илк соҳибларига топширилди

10 декабрь куни бир гуруҳ юртдошларимиз 2020 йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг анжуманлар залида бўлиб ўтган расмий тақдирлаш маросими "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" мавзуидаги туркум халқаро тадбирлар доирасида ташкил этилди.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан таъсис этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарори билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ва гувоҳномасининг тавсифлари тасдиқланди.

Мазкур кўкрак нишонини таъсис этишдан мақсад инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда тақдирлаш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганлар намунасини, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Бу билан давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини кучайтириш назарда тутилган.

Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги Низомга асосан, фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича тавсия этган номзодлар Марказнинг нуфузи комиссияси томонидан ўрганилди.

Комиссия тақдирлашга тавсия этган энг муносиб номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Марказ директорининг буйруғи чиқарилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини ўз соҳибларига тантанали равишда топширди.

Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech