2021 йил 5 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари билан учрашуви ўтказилди.
Учрашувни Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори А. Саидов ҳамда Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ш. Асадов кириш сўзи билан бошладилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Президентнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида билдирган ташаббуслари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиши билан боғлиқ мажбуриятларидан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган халқаро аҳамиятдаги тадбирлар муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Афғонистон, Туркия, Буюк Британия, Польша давлатлардаги элчилари таклифлари билдирди. Муҳокамалар давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борадаги ютуқлар ҳамда улар билан хорижий давлатларни таништириш, хусусан Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсатини ўзига хос минтақавий модел эканлигини ёритишда элчихоналар ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, 2021 йилда ўтказилиши мўлжалланаётган “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, Диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференция ишини ташкил қилишда элчихоналарнинг иштироки масаласига тўхталиб ўтилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
- Қўшилди: 05.01.2021
- Кўришлар: 3748
- Чоп этиш