Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Гаити, Сомали, Жанубий Судан ва Суданда 14 миллионга яқин одам глобал гуманитар ёрдам қисқариши туфайли кучли очарчилик хавфи остида қолмоқда. Бу ҳақда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантирган. Ушбу йўналишда энг йирик донор ҳисобланган Америка Қўшма Штатлари ташқи ёрдамни қисқартирди. Сўнгра бошқа йирик давлатлар ҳам шу йўлдан юра бошлади.
- Жаҳон озиқ-овқат дастурини молиялаштириш ҳеч қачон бундай қийин кечмаган, - дейилади агентлик баёнотида. - Ташкилот жорий йил 40 фоиз камроқ маблағ йиғиши хавфи бор. Бюджет 2024 йилдаги 10 миллиард доллардан 6,4 миллиард долларга тушиши мумкин.
Ҳисоботда озиқ-овқат ёрдами қисқариши туфайли 13,7 миллион одам "инқироз"дан "фавқулодда вазиятга" тушиши мумкинлиги айтилади. Бу эса халқаро очликнинг беш балллик шкаласи бўйича очарчиликка яна бир қадам яқинлашиш мумкинлигидан дарак беради.
Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Синди Маккейннинг сўзларига кўра, очликка қарши курашда ўнлаб йил давомида эришилган ютуқларни йўқотиш хавфи юзага келган.
Г.Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 16.10.2025
- Кўришлар: 186
- Чоп этиш