19–20 ноябрь кунлари Тошкент вилоятидаги “Лайнер” тоғли дам олиш масканида «Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг (CEDAW) Факультатив протоколига қўшилиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш” мавзусида экспертлар семинари бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси ҳамда Халқаро юристлар комиссияси (ICJ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарда асосий эътибор аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро-ҳуқуқий механизмларини ўрганишга қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг CЕДАW Факультатив протоколига қўшилишининг ҳуқуқий ва институционал жиҳатларини таҳлил қилиниб, зарур тайёргарлик чора-тадбирлари ва бу йўналишдаги кейинги қадамлар муҳокама этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Семинарнинг дастлабки куни CЕДАW ва унинг Факультатив протоколининг асосий қоидалари ҳамда халқаро механизмларига бағишланди. Биринчи сессияда Конвенциянинг асосий тамойиллари ва ҳуқуқий кафолатлари, камситмаслик тамойили, гендер стереотипларини бартараф этиш ва 5-модда мазмуни, шунингдек, хусусий шахслар томонидан содир этиладиган камситиш ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда давлатнинг роли каби масалалар кўриб чиқилди.
Иккинчи сессияда иштирокчилар CЕДАW Қўмитасининг тузилиши, фаолияти ва қўллайдиган тартиб-таомиллари, Ўзбекистоннинг ҳисобот тақдим этиш амалиёти ҳамда Қўмитанинг Ўзбекистон бўйича тавсиялари ва 2022 йилги якуний кузатувлари билан танишдилар.
Учинчи сессия Факультатив протокол доирасидаги индивидуал мурожаатлар механизмига бағишланди. Унда мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва қўлланиш шартлари, мурожаатни тақдим этиш, мақбуллик мезонларини баҳолаш, давлатнинг позициясини тақдим этиш, Қўмита хулосалари ва кейинги кузатув жараёни, шунингдек, халқаро амалиётдан олинган мисоллар муҳокама қилинди.
Бу жараёнда иштирокчилар интерактив гуруҳларга бўлиниб, халқаро амалиётдан олинган шартли вазиятлар асосида мурожаатнинг мақбуллик мезонларини, томонларнинг позицияларини ва тегишли халқаро стандартларни муҳокама қилдилар. Шунингдек, Қўмита томонидан кўриб чиқиладиган масалалар ва эҳтимолий хулосалар юзасидан фикр алмашилди. Бу, ўз навбатида, индивидуал мурожаатлар механизмининг амалий жиҳатларини яхшироқ тушуниш имконини берди.
Семинарнинг иккинчи куни CЕДАW Факультатив протоколига қўшилиш билан боғлиқ ҳуқуқий ва институционал жиҳатлар таҳлилига бағишланди.
Тўртинчи сессияда индивидуал мурожаатлар механизмининг давлат институтлари ва миллий ҳуқуқий тизим билан ўзаро боғлиқлиги гуруҳларда ишлаш ва муҳокама шаклида кўриб чиқилди. Бунда халқаро мурожаатлар механизмининг миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ҳуқуқий ҳимоя воситалари билан алоқаси, халқаро тажриба асосида миллий ҳуқуқий ва институционал механизмларни ривожлантиришга оид ёндашувлар муҳокама қилинди. Бу борада қўшимча ўрганиш ва таҳлилни талаб этадиган масалаларга аниқлик киритилди.
Бешинчи сессияда CЕДАW Факультатив протоколини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича кейинги қадамларга бағишланди. Иштирокчилар ратификация имкониятларини ўргандилар, зарур қўшимча маълумотлар ва ҳуқуқий таҳлилларни аниқладилар, тегишли давлат органлари, масъул идоралар ва манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувларни ташкил этиш, тайёргарлик доирасидаги чора-тадбирлар ҳамда қўшимча техник ва эксперт кўмаги талаб этиладиган йўналишларни белгилаб олдилар.
Семинар доирасида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлган чора-тадбирлар, уларни бажариш учун масъул субъектлар ҳамда ишларнинг эҳтимолий кетма-кетлигини ўз ичига олган дастлабки таклифлар рўйхатини шакллантириш кўзда тутилди.
Тадбир якунида ушбу семинар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини янада мустаҳкамлашга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини такомиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
