БМТ Бош котиби: Ҳурмуздаги вазият жаҳон иқтисодиётини инқирозга етаклаши мумкин

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ҳурмуз бўғозидаги оғир вазият жаҳон иқтисодиётини чуқур инқирозга етаклаши эҳтимолидан огоҳлантираркан, айни йўналишдаги воқеалар уч йўналишда ривожланишини тахмин қилди.

Ўт очиш тўхтаганига қарамай, айни пайт Ҳурмуз бўғозидаги вазият оғирлигича қолмоқда. Бу ҳақда Бош котиб Антониу Гутерриш БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

– Ҳаракат эркинлиги чекланиши нефть, газ ва ўғит етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда, – деди ташкилот раҳбари. – Шу тариқа жаҳон иқтисодиёти жиддий зарбага учради. бир ҳудуддаги можаро учун бутун инсоният товон тўлаяпти. Биринчи сценарий: Ҳозироқ чеклов бекор қилинса ҳам, барибир йиллик глобал иқтисодий ўсиш 3,4 фоиздан 3,1 фоизга тушади, инфляция 4,4 фоизга кўтарилади. Таъминот занжири тикланиши учун бир неча ой керак. Дунё савдоси ўсиши ўтган йилги 4,7 фоиздан тахминан 2 фоизгача секинлашади.

Иккинчи сценарий таъминотдаги узилиш йил ўртасига қадар давом этишини назарда тутади. Бунда иқтисодий ўсиш 2,5 фоизгача сустлашади, инфляция эса 5,4 фоизга етади. Тахминан 32 миллион киши қашшоқлик чегарасидан паст даражада кун кечиради.

Учинчи сценарий энг умидсиз ҳисобланади. Агар йил охиригача Ҳурмуз бўғози орқали юк ташиш чеклови бекор қилинмаса, инфляция 6 фоиздан ҳам кўтарилиб кетади, иқтисодий ўсиш 2 фоизга тушади. Сайёрамиз глобал рецессияга дуч келиб, аҳоли учун даҳшатли оқибатлар юзага келиши эҳтимоли бор.

– Кемалар ҳаракатланмаган ҳар бир кун сарф-харажатни ошириб, жаҳон иқтисодиётига салбий таъсирни кучайтиради, – деди Гутерриш. – Бизнинг барча томонларга мурожаатимиз аниқ: Хавфсизлик кенгашининг 2817-резолюцияси талаб қилганидек, эркинлик ва ҳаракат ҳуқуқи зудлик билан тикланиши шарт. Бўғозни очинг! Кемалар ўтишига рухсат беринг! Жаҳон иқтисодиёти нафас олишига имкон беринг!

Бош котиб томонларни оташкесимга путур етказадиган ҳар қандай қадамдан тийилишга чақирди.

БМТ раҳбари Халқаро денгиз ташкилоти кемалар ва денгизчиларни эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилаётгани, Лойиҳа хизмати бўйича бюро раҳбари Жорже Морейра да Сильва гуманитар йўлак ташкил этиш бўйича маслаҳатлашув ўтказиш учун минтақага кетаётганини эслатди. Яқин Шарқ бўйича вакил Жан Арно ҳам муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш учун барча томонлар билан музокарани давом эттирмоқда.

Г.Сатторова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech