Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Буюк мероснинг янги таянч нуқтаси жаҳон медиа вакиллари нигоҳида

Тошкент ва Самарқандда ўтказилаётган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ – янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан қарийб 300 нафар етакчи медиа вакиллари, олимлар, ижодкорлар ва рақамли соҳа мутахассисларини бир майдонга жамлади.

Айниқса, “Euronews”, “CNN”, “BBC” ва “Al Jazeera” каби етакчи медиа брендларининг конференцияда бош ахборот ҳамкорлари сифатида иштирок этаётгани унинг халқаро кўлами ва аҳамиятини янада оширмоқда.

Истиқлолимизнинг 35 йиллиги арафасида ўтаётган ушбу нуфузли йиғин ўлканинг бой цивилизацион меросини жаҳон ҳамжамиятига янгича мазмунда тақдим этиш учун муҳим халқаро майдон бўлиб хизмат қилмоқда.

Форумнинг биринчи ялпи сессияси “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – буюк мероснинг янги таянч нуқтаси” мавзусида бўлиб ўтди.

ЎзА мухбири мазкур анжуманнинг аҳамияти, унда илгари сурилаётган ташаббуслар ва ислом цивилизацияси меросини халқаро ахборот маконида кенг тарғиб этиш имкониятлари хусусида форумда иштирок этаётган хорижий ОАВ вакиллари фикрларини ёзиб олди.

Аҳмад Ал Бусаиди, “Oman TV” телеканали муҳаррири (Ўмон):

AFZ_9368

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақиқатан ҳам мафтункор маскан. Бу ерда улкан тарих, бой илмий-маърифий мерос мужассам. Фикримча, мазкур форумнинг асосий мақсади – Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган ишлар, яратилган имкониятлар ва илмий-маърифий салоҳиятни халқаро жамоатчиликка етказиш, уларнинг аҳамиятини янада оширишдан иборат. Бу жуда муҳим.

Ўлкангиз муваффақиятларини кенг намоён этишда бу каби ташаббуслар яна давом этишини истайман. Зеро, Ўзбекистон ислом цивилизациясини шунчаки ёзма тарих сифатида эмас, балки бугунги кун учун долзарб бўлган улкан маънавий мерос, тинчлик ва маърифат тимсоли сифатида қайта намоён этмоқда.

Айрим мамлакатларда ёки турли оммавий ахборот воситалари майдонида Ўзбекистон ҳали етарлича танилмаган ёки кам тилга олинган мамлакат, деган қараш бўлиши мумкин. Аммо ушбу форумда иштирок этиб, унинг ортида турган улкан меҳнат, тайёргарлик жараёнлари ва юртингизда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишганимдан сўнг, менда Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлидан дадил бораётган ва минтақада етакчи мавқега эга давлат сифатида қайта намоён бўлди.

Бу нафақат мамлакатингиз, балки бутун минтақа учун ҳам ниҳоятда муҳим. Чунки республиканинг тараққиёти ва унинг тарихий-маданий меросини дунёга кенг намоён этиши Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларни яқинлашиб келаётган Истиқлол байрами билан самимий муборакбод этаман. Юртингизга тараққиёт ва фаровонлик, халқингизга эса мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва тинчлик-хотиржамлик тилайман.

Парвана Султанова, “525.az” янгиликлар портали Халқаро алоқалар бўлими раҳбари (Озарбайжон):

AFZ_9320

– Ушбу нуфузли йиғинда медиа соҳасидаги янги ёндашувлар, хусусан, сунъий интеллект билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинмоқда. Биласизми, бу технологияларни қандай жорий этиш, улардан самарали ва тўғри фойдаланиш масаласи бугунги кун учун жуда муҳим. Шунингдек, форумда Мирзо Улуғбек каби тарихий шахслар ва уларнинг илмий мероси ҳақидаги мулоҳазалар ҳам мен учун жуда қизиқ бўлди. 

Анжуманда турли соҳалардаги мутахассис ва экспертлардан янги трендлар, замонавий ёндашувлар ва илғор тажрибаларни ўрганиш имкониятига эга бўляпмиз. Ўйлайманки, ушбу конференция барчамиз учун, айниқса, келгусидаги фаолиятимизда янги ёндашувларни қўллаш нуқтаи назаридан анча фойдали бўлади.

Павел Новотни, “Hospodářské noviny” газетаси иқтисодий шарҳловчиси (Словакия):

AFZ_9089

– Мен юртингизда тўрт марта бўлганман. Бу ерга биринчи марта 2019 йилда келган эдим. Ўша пайтдаги Ўзбекистон билан бугунги Ўзбекистонни солиштирсам, жуда катта ўзгаришлар бўлганини кўряпман. Айниқса, Тошкент жуда замонавий шаҳарга айланибди. Ўзбек халқи меҳмондўст ва хорижликларга доим дўстона муносабатда бўлади. Бу ерда бўлиш менга чиндан ҳам катта завқ бағишлайди.

Бугунги глобаллашув замонида Марказий Осиё мамлакатларининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида хорижий ўлкалар билан самарали, очиқ ва фаол ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, Словакия ва Ўзбекистон ўртасида ҳам иқтисодий алоқалар ривожланиб бормоқда. Шунинг учун бир-биримизни яхшироқ англаш, халқларимиз маданияти ва қадриятларини ўрганиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман.

Мен учун ушбу конференцияда иштирок этишнинг аҳамияти ҳам шунда – ўзбек маданияти, тарихи ва бой мероси ҳақида янада кўпроқ билиш имкониятига эга бўлдим.

Ўткир АЛИМОВ,

ЎзА

Nashr sanasi 26.08.2026 Ko'rishlar 53
Ulashish